Muslim99Muslim99
← Tafsir library

2. Al-Baqara

The Cow · Medinan · 286 ayahs

سُورَةُ البَقَرَةِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 11–20 of 286

11

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا تُفْسِدُوا۟ فِى ٱلْأَرْضِ قَالُوٓا۟ إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ

Ва агар уларга, ер юзида фасод қилманг, дейилса, биз фақат ислоҳ қилувчилармиз, дейдилар.

Куфр, гуноҳлар ва бошқа ишлар билан заминни бузишдан, булғашдан қайтарилсалар, айбларини тан олмай, ўзларини солиҳ ва муслиҳлар (ислоҳ қилувчилар) қилиб кўрсатадилар.

Al-Baqara 2:11Listen in Qur'an →
12

أَلَآ إِنَّهُمْ هُمُ ٱلْمُفْسِدُونَ وَلَٰكِن لَّا يَشْعُرُونَ

Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар.

Ҳақиқат шуки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир. Лекин улар буни сезмайдилар. Қилаётган ишлари айни фасод эканини ҳис этмайдилар.

Al-Baqara 2:12Listen in Qur'an →
13

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ ءَامِنُوا۟ كَمَآ ءَامَنَ ٱلنَّاسُ قَالُوٓا۟ أَنُؤْمِنُ كَمَآ ءَامَنَ ٱلسُّفَهَآءُ ۗ أَلَآ إِنَّهُمْ هُمُ ٱلسُّفَهَآءُ وَلَٰكِن لَّا يَعْلَمُونَ

Ва агар уларга, одамлар иймон келтирганидек, иймон келтиринглар, дейилса, "Эсипастлар иймон келтирганидек иймон келтирамизми?" дейишади. Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар эсипастлардир ва лекин ўзлари билмайдилар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобалари каби иймон келтиришга буюрилсалар, уни масхара оҳангида рад этиб, эси пастларга ўхшаб иймон келтирайликми, дейишади. Аслида эса уларнинг ўзлари эси пастлардир. Лекин буни ўзлари билмайдилар.

Al-Baqara 2:13Listen in Qur'an →
14

وَإِذَا لَقُوا۟ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ قَالُوٓا۟ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَوْا۟ إِلَىٰ شَيَٰطِينِهِمْ قَالُوٓا۟ إِنَّا مَعَكُمْ إِنَّمَا نَحْنُ مُسْتَهْزِءُونَ

Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан ҳоли қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар.

Мўминлар билан учрашганларида қўрққанларидан, сизлар иймон келтираётган ваҳийни рост деб биламиз, дейдилар. Ўзларининг бошлиқлари, раҳбарлари билан холи қолганларида эса, биз ҳали ҳам сизлар биланмиз, сизларнинг йўлингиздамиз, мўминларнинг устидан кулиш, уларни масхара қилиш учун тил учида уларни тасдиқлаб қўйяпмиз, дейдилар.

Al-Baqara 2:14Listen in Qur'an →
15

ٱللَّهُ يَسْتَهْزِئُ بِهِمْ وَيَمُدُّهُمْ فِى طُغْيَٰنِهِمْ يَعْمَهُونَ

Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради.

Улар мўминларнинг устидан кулаётган бўлсалар, Аллоҳ уларнинг устидан кулади. Нима эккан бўлсалар, ўшани ўрадилар. Шунинг учун уларга бу дунёда мусулмонларнинг ҳукмлари жорий қилинса-да, охиратда мукофот олиш ўрнига кофирлиги ва мунофиқлиги туфайли жазога тортиладилар. Айни пайтда Аллоҳ уларни ўз туғёнларию залолатлари гирдобида қолиб кетишларига қўйиб беради. Шу билан ҳайронлигу иккиланиш уларнинг доимий ҳамроҳига айланади.

Al-Baqara 2:15Listen in Qur'an →
16

أُو۟لَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشْتَرَوُا۟ ٱلضَّلَٰلَةَ بِٱلْهُدَىٰ فَمَا رَبِحَت تِّجَٰرَتُهُمْ وَمَا كَانُوا۟ مُهْتَدِينَ

Ана ўшалар, ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда келтирмади ҳамда ҳидоят топганлардан бўлмадилар. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳидоятни қўйиб залолат-адашиш йўлини ихтиёр қилганликларини илоҳий таъбирлар билан баён қилмоқда. Агар улар хоҳласалар, ҳидоят қўлларига теккан эди, ундан фойдаланиб юрсалар бўлар эди. Пайғамбар алайҳиссалом бошқалар қатори уларни ҳам даъват қилган эдилар. Аммо улар ҳидоятни бой бериб, залолатни танладилар. Яъни, ҳидоятга залолатни сотиб олдилар. Аммо уларнинг бу тижорат-савдолари фойда келтирмади. Шу билан бирга, улар ҳидоятда-тўғри йўлда юрувчилардан бўлмадилар. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Мунофиқнинг белгиси учдир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, сўзида турмайди ва омонатга хиёнат қилади", деганлар. Шунингдек, Имом Бухорий Ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: "Тўрт нарса бор, кимда улар бўлса, тўлиқ мунофиқ бўлади. Кимда улардан бир хислат бўлса, уни ташлагунча, нифоқнинг хислатларидан бири у кишида туради. Омонатга хиёнат қилади, ёлғон гапиради, аҳд қилса, алдайди ва тортишса, фожирлик қилади", дейилган.)

Мана шу сифатларга эга бўлган мунофиқлар, куфрни иймонга алиштирган бадбахтлардир. Аллоҳга иймон келтиришдек даромадни қўлдан бой бериб, ҳақ йўлини топа олмай, савдоси касодга учраган бечоралардир.

Al-Baqara 2:16Listen in Qur'an →
17

مَثَلُهُمْ كَمَثَلِ ٱلَّذِى ٱسْتَوْقَدَ نَارًۭا فَلَمَّآ أَضَآءَتْ مَا حَوْلَهُۥ ذَهَبَ ٱللَّهُ بِنُورِهِمْ وَتَرَكَهُمْ فِى ظُلُمَٰتٍۢ لَّا يُبْصِرُونَ

Улар мисоли ёққан ўти энди атрофини ёритганида Аллоҳ нурларини кетказиб, қоронғу зулматларда қолдирган кишиларга ўхшайдилар. Улар кўрмайдилар. (Ҳақиқатда ҳам, мунофиқлар кофирларнинг зидди ўлароқ, аввал бошдан Ислом даъватини эшитдилар. Ислом-иймон калималарини нутқ қилдилар, ҳатто яхшигина қулоқ осдилар, иймон келтирдик, дедилар, ибодат ҳам қилдилар. Кейин эса, ҳаммасини ташлаб, инкор қилиб, куфр, нифоқ, шак-шубҳа зулматларида қолиб кетдилар.)

Аллоҳ бу мунофиқлар учун икки масални зарб этди. Бири ўтга, иккинчиси эса сувга оид. Ўтга оид масал шуки, улар худди ёруғлик учун ўт ёққан ва ўти энди атрофини ёритиб, ундан фойдаланамиз, деб туришганида ўт қолса ҳам ёруғлиги кетиб, ўзлари қоронғуда ҳеч нарсани кўрмай, йўлини тополмаётган одамларга ўхшайдилар.

Al-Baqara 2:17Listen in Qur'an →
18

صُمٌّۢ بُكْمٌ عُمْىٌۭ فَهُمْ لَا يَرْجِعُونَ

Улар кар, соқов, кўрдирлар. Бас, улар қайтмаслар.

Ҳа, улар ҳақиқатга қулоқ солмайдиган кардирлар. Ҳақиқатни гапирмайдиган соқовдирлар. Ҳақиқатни кўрмайдиган кўрдирлар. Шундай бўлгач, улар ўзларининг залолатларидан қайтмайдилар.

Al-Baqara 2:18Listen in Qur'an →
19

أَوْ كَصَيِّبٍۢ مِّنَ ٱلسَّمَآءِ فِيهِ ظُلُمَٰتٌۭ وَرَعْدٌۭ وَبَرْقٌۭ يَجْعَلُونَ أَصَٰبِعَهُمْ فِىٓ ءَاذَانِهِم مِّنَ ٱلصَّوَٰعِقِ حَذَرَ ٱلْمَوْتِ ۚ وَٱللَّهُ مُحِيطٌۢ بِٱلْكَٰفِرِينَ

Ёки худди осмондан ёмғир ёғиб, қоронғу босиб, момақалдироқ ва чақмоқ чаққанда, яшиндан қочиб, панжаларини қулоқларига тиқиб, ўлимдан эҳтиёт бўлаётган одамга ўхшарлар. Ва Аллоҳ кофирларни ўраб олувчидир.

Сувга оид масал шуки, улар осмонни қора булут қоплаб, момақалдироқ ва чақмоқлар билан қуяётган ёмғир остида қолиб, қўрқув ва даҳшатдан эсини йўқотаёзган, ўлимдан қўрқиб, момақалдироқнинг даҳшатли овозидан бармоқларини қулоқларига тиқиб олган кимсаларга ўхшайдилар. Аллоҳ кофирларни ҳар тарафдан ўраб олгувчидирки, улар асло чап бера олмаслар.

Al-Baqara 2:19Listen in Qur'an →
20

يَكَادُ ٱلْبَرْقُ يَخْطَفُ أَبْصَٰرَهُمْ ۖ كُلَّمَآ أَضَآءَ لَهُم مَّشَوْا۟ فِيهِ وَإِذَآ أَظْلَمَ عَلَيْهِمْ قَامُوا۟ ۚ وَلَوْ شَآءَ ٱللَّهُ لَذَهَبَ بِسَمْعِهِمْ وَأَبْصَٰرِهِمْ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ قَدِيرٌۭ

Чақмоқ уларнинг кўзини олиб қўяй дейди. Ёриган пайтда юришади, қоронғи бўлса, тўхташади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўзу қулоқларини кеткизади. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. (Аллоҳ таоло ушбу икки оятда мунофиқларнинг ҳайратлари, иккиланишлари ва умумий руҳий ҳолатларини момақалдироқ бўлиб чақмоқ чақиб, осмонни зулмат босиб, қаттиқ ёмғир ёққанда кўчада қолган бечора одамга ўхшатади. У қўрққанидан даҳшатга тушиб, яшиндан қутулмоқчи бўлади, панжаларини қулоқларига тиқиб, шу мени ўлимдан сақлайди, деб туради. Улар куфр ва нифоқ зулматидадирлар; чақмоқ чаққан пайтдаги ёруғдан фойдаланиб бир-икки қадам боса оладилар, чақмоқдан кейин яна қоронғуда туриб қоладилар.)

Яшин нурининг ўткирлиги билан уларнинг кўзларини олиб қўяй дейди. У атрофни ёритганида юриб оладилар, ўчганида эса турган жойларида қимирламасдан қотиб қоладилар. Агар Аллоҳ хоҳласа, ҳақиқатдан юз ўгирганлари туфайли уларнинг кўзу қулоқларини Ўзининг чексиз қудрати ила батамом йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Ёмғир Қуръонга, момақалдироқ овози ундаги тақиқлару огоҳлантиришларга, чақмоқнинг чақиши гоҳида бир ҳақиқатнинг ялт этиб кўринишига, қулоқларни бармоқлар билан тўсиш эса ҳақдан юз ўгириб, унга қулоқ солмасликка ўхшатиляпти. Мунофиқлар билан бу икки масалдагиларнинг ўхшашлик жиҳати фойдалана билмасликдир. Ўтга оид масалда олган фойдалари қоронғулик ва куйиш бўлди, холос. Сувга оид масалда эса қўрқув ва безовталик бўлди. Мунофиқлар ҳам худди шундай. Уларга Ислом фақат қийинчилик ва оғир юк бўлиб кўринади.

Al-Baqara 2:20Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.