Muslim99Muslim99
← Tafsir library

2. Al-Baqara

The Cow · Medinan · 286 ayahs

سُورَةُ البَقَرَةِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 91–100 of 286

91

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ ءَامِنُوا۟ بِمَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ قَالُوا۟ نُؤْمِنُ بِمَآ أُنزِلَ عَلَيْنَا وَيَكْفُرُونَ بِمَا وَرَآءَهُۥ وَهُوَ ٱلْحَقُّ مُصَدِّقًۭا لِّمَا مَعَهُمْ ۗ قُلْ فَلِمَ تَقْتُلُونَ أَنۢبِيَآءَ ٱللَّهِ مِن قَبْلُ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

Агар уларга: «Аллоҳ туширган нарсага иймон келтиринг», дейилса, «Бизга туширилган нарсага иймон келтирамиз», дейишади. Ва ундан кейинги нарсага куфр келтиришади. Ҳолбуки, у улардаги нарсани тасдиқловчи ҳақдир. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз, нимага илгари Аллоҳнинг Пайғамбарларини ўлдирдингиз?!»

Яҳудларга, Аллоҳ шу пайғамбарига нозил қилган ҳақиқат ва ҳидоятга иймон келтиринглар, дейилса, ўзимизнинг пайғамбарларимизга нозил қилганигагина иймон келтирамиз, дейдилар ва Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган ҳақиқатни инкор қиладилар. Ҳолбуки, Қуръон Аллоҳ тарафидан олдин нозил бўлган барча илоҳий китобларга мувофиқ келадиган бир ҳақиқатдир. Агар улар ҳақиқатан ўзларига нозил қилинган ҳақиқатга ишонганларида Қуръонга ҳам ишонган бўлардилар. Эй Муҳаммад алайҳиссалом, уларга айтингки, агар ростдан ишонган бўлсангизлар, у ҳолда нима учун ўша олдинги пайғамбарларни ўлдирдингизлар?

Al-Baqara 2:91Listen in Qur'an →
92

۞ وَلَقَدْ جَآءَكُم مُّوسَىٰ بِٱلْبَيِّنَٰتِ ثُمَّ ٱتَّخَذْتُمُ ٱلْعِجْلَ مِنۢ بَعْدِهِۦ وَأَنتُمْ ظَٰلِمُونَ

Ва батаҳқиқ, Мусо сизларга равшан (мўъжиза)лар ила келди. Сўнгра сиз ундан кейин золим бўлган ҳолингизда бузоқни (худо) тутдингиз.

Пайғамбарингиз Мусо алайҳиссалом ўзининг ҳақ эканига далолат қилувчи ҳужжатлар келтирди. Сиз эса Мусо Парвардигори билан учрашиш учун кетганида бузоққа сиғина бошладингиз. Бу билан ибодат қилинишга, маъбудликка ҳақдор бўлган ягона Зот - Аллоҳга ширк келтириб, ўзингизга ўзингиз зулм қилдингиз.

Al-Baqara 2:92Listen in Qur'an →
93

وَإِذْ أَخَذْنَا مِيثَٰقَكُمْ وَرَفَعْنَا فَوْقَكُمُ ٱلطُّورَ خُذُوا۟ مَآ ءَاتَيْنَٰكُم بِقُوَّةٍۢ وَٱسْمَعُوا۟ ۖ قَالُوا۟ سَمِعْنَا وَعَصَيْنَا وَأُشْرِبُوا۟ فِى قُلُوبِهِمُ ٱلْعِجْلَ بِكُفْرِهِمْ ۚ قُلْ بِئْسَمَا يَأْمُرُكُم بِهِۦٓ إِيمَٰنُكُمْ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

Сиздан аҳду паймонингизни олиб, устингизга Турни кўтариб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деганимизни эсланг. Улар: «Тингладик ва исён қилдик», дедилар. Куфрлари сабабли қалбларига бузоқ ўрнаштирилди. Айт: «Агар мўмин бўлсангиз сизнинг иймонингиз қандай ҳам ёмон нарсага буюради!» (Бани Исроилнинг хиёнаткорлиги, алдамчилиги ва бошқа кирдикорларни назарда тутган ҳолда Аллоҳ таоло улардан таъкидланган, ҳужжатлаштирилган аҳду паймон олган ва устиларига Тур тоғини кўтариб туриб: «Сизга Биз берган нарсани қувват билан тутинг ва тингланг», деб айтган эди. Иймони бор халққа шу етарли бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроил нима қилди?! Улар тилда «эшитдик», дейишди, аммо амаллари билан, «исён қилдик», дейишди. Яъни, тил бошқа, амал бошқа бўлди.)

Эсланглар! Сизлардан Мусо алайҳиссаломга эргашиш ва у Аллоҳ тарафидан олиб келган ҳаққа эргашиш ҳақида аҳду паймон олгандик. Устингларга тоғни кўтариб қўйиб, сизларга берганимиз Тавротни маҳкам ушланглар ва унга қулоқ солинглар, акс ҳолда устингизга тоғни ташлаймиз, дегандик. Сизлар эса қулоғимиз билан эшитиб қўяверамиз, амалда эса бўйсунмаймиз, дединглар. Кофирликларинг туфайли бузоққа ибодат қилишдек разолат қалбингларда маҳкам ўрнашиб қолди. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, уларга айтингки, агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳга куфр келтиришга буюраётган иймонинглар нақадар ёмон нарсага буюряпти. Зеро, ҳақиқий иймон билан куфр ҳеч қачон бир жойда жам бўлмайди.

Al-Baqara 2:93Listen in Qur'an →
94

قُلْ إِن كَانَتْ لَكُمُ ٱلدَّارُ ٱلْءَاخِرَةُ عِندَ ٱللَّهِ خَالِصَةًۭ مِّن دُونِ ٱلنَّاسِ فَتَمَنَّوُا۟ ٱلْمَوْتَ إِن كُنتُمْ صَٰدِقِينَ

Айт: «Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг».

Айтинг эй Муҳаммад, эй яҳудийлар, охиратдаги жаннат фақат сизларники бўлса, унга сизлардан бошқа ҳеч ким кирмайдиган бўлса, дунёнинг ғам-ташвишларидан озод бўлиб, унга тезроқ етишиш учун ўлимни орзу қилинглар-чи, агар даъвойинглар рост бўлса.

Al-Baqara 2:94Listen in Qur'an →
95

وَلَن يَتَمَنَّوْهُ أَبَدًۢا بِمَا قَدَّمَتْ أَيْدِيهِمْ ۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌۢ بِٱلظَّٰلِمِينَ

Улар қўллари тақдим қилган нарсалар сабабидан, уни абадий, ҳеч-ҳеч орзу қилмаслар ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчи зотдир. (Оятдаги «қўллари тақдим қилган нарсалар» жумласи, «гуноҳлар» маъносида келгандир. Араб тилида бирор нарсанинг аҳамиятини бўрттириб кўрсатилмоқчи бўлинса, ушбу услуб ишлатилади. Демак, яҳудийлар ўлимни орзу қила олмайдилар. Чунки улар ўзларининг гуноҳларини яхши биладилар. Ушбу гуноҳлар билан ҳеч-ҳеч жаннатга кириб бўлмайди. Ўлсалар, беш кунлик дунёнинг матосидан ажралиб қолишларидан қўрқиб, бу дунё ҳаётига маҳкам ёпишиб оладилар.)

Шу дунёда Аллоҳга куфр келтириш, пайғамбарларини ёлғончига чиқариш, китобларини ўзгартириб юбориш каби манфур кирдикорлари сабабли ўлимни ҳаргиз орзу қилмайдилар. Аллоҳ улар орасидаги золимларни ҳам, бошқа золимларни билиб тургувчидир. Ҳаммасини амалига яраша жазолар.

Al-Baqara 2:95Listen in Qur'an →
96

وَلَتَجِدَنَّهُمْ أَحْرَصَ ٱلنَّاسِ عَلَىٰ حَيَوٰةٍۢ وَمِنَ ٱلَّذِينَ أَشْرَكُوا۟ ۚ يَوَدُّ أَحَدُهُمْ لَوْ يُعَمَّرُ أَلْفَ سَنَةٍۢ وَمَا هُوَ بِمُزَحْزِحِهِۦ مِنَ ٱلْعَذَابِ أَن يُعَمَّرَ ۗ وَٱللَّهُ بَصِيرٌۢ بِمَا يَعْمَلُونَ

Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир.

Эй Муҳаммад, яҳудларнинг ҳар қанча хорлик, тубанлик билан бўлса ҳам яшаб қолишни истайдиган ҳаётга очкўз одамлар эканини кўрасиз. Улар қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга ишонадиган аҳли китоб бўлишларига қарамасдан, қайта тирилиш ва ҳисоб-китобга инонмайдиган мушриклардан-да очкўзроқ кимсалардир. Улардан бири минг йил умр кўришни истайди. Ҳар қанча умр кўрмасин, у Аллоҳнинг азобидан қутула олмайди. Аллоҳ уларнинг амалларидан огоҳ бўлиб, кўриб-билиб туради ва қилган ишларига яраша жазо ёки мукофот беради. Ҳеч нарса У Зотдан махфий эмас.

Al-Baqara 2:96Listen in Qur'an →
97

قُلْ مَن كَانَ عَدُوًّۭا لِّجِبْرِيلَ فَإِنَّهُۥ نَزَّلَهُۥ عَلَىٰ قَلْبِكَ بِإِذْنِ ٱللَّهِ مُصَدِّقًۭا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًۭى وَبُشْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ

Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. («Жиброилга душман бўлганлар»–яҳудийлардир. Улар Жиброил фаришта алайҳиссаломни ўзларига душман ҳисоблашар эдилар. Бунга далил ўлароқ Имом Аҳмад Ҳанбал ривоят қилишича яҳудийлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан узоқ суҳбат қурган эдилар. Шунда, «Улар: «Ҳар бир Пайғамбарнинг унга хабар келтирадиган фариштаси бўлади. Бизга айт-чи, сенинг соҳибинг ким?» дедилар. У киши: «Жиброил алайҳиссалом», дедилар. Улар: «Жиброил урушни, жангни, азобни туширади, бизнинг душманимиз, агар раҳмат, ёмғир ва набототларни олиб тушадиган Микоил деганингда, яхши бўларди», дедилар.)

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, яҳудлардан: "Фаришталар орасидаги Жаброил бизнинг душманимиз", дейдиганларига айтингки, ким Жаброилга душман бўлса, у адашгандир. Чунки Таврот ва Инжил каби ўтган китобларда ўз тасдиғини топган, яхшиликка чорлайдиган, мўминларга Аллоҳ улар учун тайёрлаб қўйган жаннат ҳақида хушхабар берадиган Қуръонни Аллоҳнинг изни ила қалбингизга индирган ўша Жаброилдир.

Al-Baqara 2:97Listen in Qur'an →
98

مَن كَانَ عَدُوًّۭا لِّلَّهِ وَمَلَٰٓئِكَتِهِۦ وَرُسُلِهِۦ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَىٰلَ فَإِنَّ ٱللَّهَ عَدُوٌّۭ لِّلْكَٰفِرِينَ

Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, Пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир.

Ким Аллоҳга, Унинг малоикаларига, пайғамбарларига, Жаброил ва Мекоилдек муқарраб фаришталарига душман бўлса, Аллоҳ бундай кофирларга сизлардан ёки бошқалардан бўлишидан қатъи назар, душмандир! Кимнинг душмани Аллоҳ бўлса, унинг мағлуб бўлиши муқаррардир!

Al-Baqara 2:98Listen in Qur'an →
99

وَلَقَدْ أَنزَلْنَآ إِلَيْكَ ءَايَٰتٍۭ بَيِّنَٰتٍۢ ۖ وَمَا يَكْفُرُ بِهَآ إِلَّا ٱلْفَٰسِقُونَ

Батаҳқиқ, сенга равшан оятларни туширдик, уларга фақат фосиқларгина куфр келтирадир.

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Биз сизга сиз олиб келган ваҳий ва пайғамбарликнинг ҳақлигини тасдиқловчи очиқ-ойдин оят-аломатлар нозил қилдик. Бу қадар очиқ, равшан, аниқ кўриниб турган аломатларга Аллоҳнинг динидан қайтганларгина куфр келтирадилар.

Al-Baqara 2:99Listen in Qur'an →
100

أَوَكُلَّمَا عَٰهَدُوا۟ عَهْدًۭا نَّبَذَهُۥ فَرِيقٌۭ مِّنْهُم ۚ بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ

Ҳар қачон аҳд қилишсалар, улардан бир гуруҳи уни бузаверадими?! Йўқ! Уларнинг кўплари иймон келтирмаслар.

Яҳудларнинг энг ёмон қилиқларидан бири қачон аҳдлашсалар, аҳдларини бузаверганлар. Жумладан, улар Тавротга иймон келтиришга аҳд қилганлар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пағамбарлиги Тавротда ўз тасдиғини топгач, улардан бир гуруҳи шу аҳдини буздилар. Уларнинг бўлгани шу. Аксари Аллоҳ нозил қилган ҳақиқатга иймон келтирмайдилар. Зеро, иймон аҳдга вафони тақозо этади.

Al-Baqara 2:100Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.