Muslim99Muslim99
← Tafsir library

2. Al-Baqara

The Cow · Medinan · 286 ayahs

سُورَةُ البَقَرَةِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 71–80 of 286

71

قَالَ إِنَّهُۥ يَقُولُ إِنَّهَا بَقَرَةٌۭ لَّا ذَلُولٌۭ تُثِيرُ ٱلْأَرْضَ وَلَا تَسْقِى ٱلْحَرْثَ مُسَلَّمَةٌۭ لَّا شِيَةَ فِيهَا ۚ قَالُوا۟ ٱلْـَٰٔنَ جِئْتَ بِٱلْحَقِّ ۚ فَذَبَحُوهَا وَمَا كَادُوا۟ يَفْعَلُونَ

У: «У, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қилмасдилар.

Мусо деди: "Аллоҳ айтурки, у сигир ер ҳайдаш, экин суғориш каби ишларда хор бўлиб ишламаган, ўзи соппа-соғ, ҳеч қандай айби йўқ, сап-сариқ рангидан бошқа ранги йўқ". Шунда улар, мана энди сигирни аниқ тавсифладинг, дедилар ва уни топиб сўйдилар. Саркашликлари оқибатида бу ишнинг уддасидан чиқа олмай қолишларига бир баҳя қолганди.

Al-Baqara 2:71Listen in Qur'an →
72

وَإِذْ قَتَلْتُمْ نَفْسًۭا فَٱدَّٰرَْٰٔتُمْ فِيهَا ۖ وَٱللَّهُ مُخْرِجٌۭ مَّا كُنتُمْ تَكْتُمُونَ

Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақида ихтилофга тушганингизни эсланг. Аллоҳ сиз беркитган нарсани чиқаргувчидир.

Бир бегуноҳни ўлдириб қўйиб, ҳамма ўзини оқлаган ва ўзгаларга туҳмат қилган воқеани эсланг. Ўшанда ўртада жанжал чиққанди. Бу ишда сизлар яшираётган сирни Аллоҳ очиб берувчидир.

Al-Baqara 2:72Listen in Qur'an →
73

فَقُلْنَا ٱضْرِبُوهُ بِبَعْضِهَا ۚ كَذَٰلِكَ يُحْىِ ٱللَّهُ ٱلْمَوْتَىٰ وَيُرِيكُمْ ءَايَٰتِهِۦ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

«Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг», дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтиради ва оят-аломатларини сизга кўрсатади. Шоядки ақл ишлатсангиз.

Шунда сизларга, мақтулни ўша сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан уринглар, дедик. Шундай қилишганди, ўлик тирилиб, қотили ким эканини айтиб берди. Аллоҳ худди шу ўликни тирилтирганидек Қиёмат кунида ҳам ўликларни тирилтиради. Сизларга қудратини кўрсатувчи аломатларни кўрсатади. Шояд, шунда ақлингларни ишлатиб, Аллоҳ таолога чин дилдан иймон келтирсангизлар!

Al-Baqara 2:73Listen in Qur'an →
74

ثُمَّ قَسَتْ قُلُوبُكُم مِّنۢ بَعْدِ ذَٰلِكَ فَهِىَ كَٱلْحِجَارَةِ أَوْ أَشَدُّ قَسْوَةًۭ ۚ وَإِنَّ مِنَ ٱلْحِجَارَةِ لَمَا يَتَفَجَّرُ مِنْهُ ٱلْأَنْهَٰرُ ۚ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَشَّقَّقُ فَيَخْرُجُ مِنْهُ ٱلْمَآءُ ۚ وَإِنَّ مِنْهَا لَمَا يَهْبِطُ مِنْ خَشْيَةِ ٱللَّهِ ۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ

Сўнгра, шундан кейин қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки тошдан ҳам қаттиқ. Ва ҳолбуки, тошларнинг баъзиларидан анҳорлар отилиб чиқади, баъзилари ёрилиб ундан сув чиқади ва баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан қулаб тушади. Ва Аллоҳ қилаётган ишларингиздан ғофил эмас. (Ушбу оятда Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг охирги ҳодисадан кейинги ҳолатини васф қилмоқда. Шунча мўъжиза кўрган инсон, ким бўлишидан қатъий назар, қалби эриб, Аллоҳга бўлган эътиқоди зиёда бўлиши керак эди. Аммо Бани Исроилнинг қалблари қаттиқ бўлди. Қаттиқ бўлганда ҳам, тошдек қаттиқ, балки тошдан ҳаим қаттиқ бўлди.)

Кейин эса мана шундай етук аломатларни ва ҳайратомуз мўъжизаларни кўра-била туриб, қалбинглар тошдан бадтар қотиб кетди. Тош ўзгарса ўзгарадики, қалбинглар ўзгармайди. Шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, улардан одамларга ҳам, чорпойларга фойдали бўлган булоқлар чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан тоғлар устидан ерга қулайди. Сизларнинг қалбинглар эса шу тошларчалик ҳам бўлмасдан қилт этмай тураверади. Аллоҳ сизларнинг қилаётган ошларингдан ғофил эмас, ҳаммасини кўриб-билиб турибди, яқинда қилмишларингга яраша жазо ёки мукофот беради.

Al-Baqara 2:74Listen in Qur'an →
75

۞ أَفَتَطْمَعُونَ أَن يُؤْمِنُوا۟ لَكُمْ وَقَدْ كَانَ فَرِيقٌۭ مِّنْهُمْ يَسْمَعُونَ كَلَٰمَ ٱللَّهِ ثُمَّ يُحَرِّفُونَهُۥ مِنۢ بَعْدِ مَا عَقَلُوهُ وَهُمْ يَعْلَمُونَ

Уларнинг иймон келтиришларини тамаъ қиласизларми? Ва ҳолбуки, улардан бир гуруҳлари Аллоҳнинг каломини эшитар эдилар ва сўнгра уни тушунганларидан кейин билиб туриб бузар эдилар. (Иймон ўзига яраша поклик, мусаффолик, нурни қабул қилиб олишга истеъдод талаб қилади. Аммо яҳудийларда бу нарсага яқинлик ҳеч сезилмаяпти. Уларнинг энг яхши вакиллари бўлмиш диний олимларики Аллоҳнинг каломини эшитиб, уни тушуниб етгандан сўнг, билиб туриб бузсалар, қолганлари нима ҳам қилар эди.)

Эй мўминлар, яҳудларнинг аҳволини, ўжарлигию қайсарлигини кўра-била туриб, яна уларнинг иймон келтиришларидан умидвор бўласизларми? Уларнинг бир гуруҳ олимлари ўзларига нозил қилинган Тавротни - Аллоҳнинг каломини эшитиб туриб, унинг ичида нималар баён қилинганини англаб-тушуниб туриб, шаклини ҳам, мазмунини ҳам ўзгартириб юбордилар. Ҳобуки, улар бу ишнинг нақадар улкан гуноҳ эканини яхши билардилар.

Al-Baqara 2:75Listen in Qur'an →
76

وَإِذَا لَقُوا۟ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ قَالُوٓا۟ ءَامَنَّا وَإِذَا خَلَا بَعْضُهُمْ إِلَىٰ بَعْضٍۢ قَالُوٓا۟ أَتُحَدِّثُونَهُم بِمَا فَتَحَ ٱللَّهُ عَلَيْكُمْ لِيُحَآجُّوكُم بِهِۦ عِندَ رَبِّكُمْ ۚ أَفَلَا تَعْقِلُونَ

Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар. Баъзилари баъзилари билан холи қолсалар: «Уларга Аллоҳ сизга очган нарса ҳақида Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун гапиряпсизми? Ақлни ишлатмайсизми?» дейдилар. (Шунақа сифат эгаларининг иймонга келишидан умидвор бўлса бўладими? Улар иккиюзлама қавмдир. Мусулмонлар билан учрашиб қолганда, иймонга келдик, Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўлдик, дейишади. Чунки Тавротда у киши ҳақларида башоратлар бор ва яҳудийлар у зотнинг Пайғамбар бўлиб келишларини кутаётган эдилар. Аллоҳ таоло ўша Пайғамбар туфайли бизни душманларимизга ғолиб қилади, дейишар эди... Аммо ўзлари бир-бирлари билан ёлғиз қолганларида, бу ҳақиқатни ошкор қилганларни сўка бошлар эдилар.)

Яҳудларнинг макри ва зиддиятли тарафларидан бири шуки, улардан айримлари мўминлар олдида Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарлигини тасдиқлайдилар (зеро, Таврот шунга гувоҳлик беради), лекин ўзаро бир-бирлари билан холи қолганларида, нега эътироф қиласизлар, мусулмонлар шу эътирофингларни ўзларингга қарши ҳужжат қилиб қолмайдими, дея бир-бирларини маломат қиладилар.

Al-Baqara 2:76Listen in Qur'an →
77

أَوَلَا يَعْلَمُونَ أَنَّ ٱللَّهَ يَعْلَمُ مَا يُسِرُّونَ وَمَا يُعْلِنُونَ

Аллоҳ уларнинг сир тутгану ва ошкор қилган нарсаларини, албатта, билишини англамайдиларми? (Зикр қилинган бу ҳол яҳудийларнинг диний олимларига оид.)

Ўша яҳудлар мана шу манфур йўлни тутдилар. Худди Аллоҳ уларнинг сўзларию амалларидан, яширган ишларидан бехабардек... Яқин кунда уларни бандаларига ошкор қилиб, уларнинг шармандасини чиқармайдигандек...

Al-Baqara 2:77Listen in Qur'an →
78

وَمِنْهُمْ أُمِّيُّونَ لَا يَعْلَمُونَ ٱلْكِتَٰبَ إِلَّآ أَمَانِىَّ وَإِنْ هُمْ إِلَّا يَظُنُّونَ

Уларнинг ичида китобдан бехабар, хомхаёлдан бошқани билмайдиган омийлар бор. Улар фақат гумон қиладилар халос. (Яъни, яҳудийлар ичида Тавротдан бехабар, унда нима гап борлигини билмайдиган саводсиз омийлар ҳам бор. Ўша омийларнинг билгани фақат хомхаёл, холос. Турли нарсаларни гумон қилиб, ўша гумонига ишониб юраверади. Бу омийларнинг шундай ҳолга тушиб қолишига нима сабаб? Асосий сабабларидан бири–залолатга кетган уламолар.)

Яҳудлардан бир тоифаси Тавротнинг маъносини билмасдан ўқийверади. Ўзининг катталаридан эшитиб олган тўқима гапларни Аллоҳ нозил қилган Таврот, деб ўйлайди.

Al-Baqara 2:78Listen in Qur'an →
79

فَوَيْلٌۭ لِّلَّذِينَ يَكْتُبُونَ ٱلْكِتَٰبَ بِأَيْدِيهِمْ ثُمَّ يَقُولُونَ هَٰذَا مِنْ عِندِ ٱللَّهِ لِيَشْتَرُوا۟ بِهِۦ ثَمَنًۭا قَلِيلًۭا ۖ فَوَيْلٌۭ لَّهُم مِّمَّا كَتَبَتْ أَيْدِيهِمْ وَوَيْلٌۭ لَّهُم مِّمَّا يَكْسِبُونَ

Китобни ўз қўли билан ёзиб, сўнгра уни арзон баҳога сотиш учун: «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга қўллари билан ёзган нарсаларидан ҳалокат бўлсин! Уларга топган фойдаларидан ҳалокат бўлсин! (Ояти карима зикр қилган «арзон баҳо» ҳақида Имом Ҳасан Басрий: «Арзон баҳо–дунё ва унинг нарсаларидир» деган эканлар. Дунёга молу бойлик, мансаб ва бошқалар киради.)

Китобни қўллари билан ёзиб, кейин уни дунёнинг арзимас неъматига, мол-дунё ёки мансабга алмаштириб, ёлғондан Аллоҳ тарафидан нозил бўлган, дейдиган бундай кимсаларни ҳалокат ва қаттиқ азоб кутмоқда. Аллоҳга қарши ёлғон ишлатиб ёзган қўллари учун ҳам, унинг ортидан топган мол-дунё ва мансаблари учун ҳам уларга ҳалокат ва қаттиқ азоб бўлгай.

Al-Baqara 2:79Listen in Qur'an →
80

وَقَالُوا۟ لَن تَمَسَّنَا ٱلنَّارُ إِلَّآ أَيَّامًۭا مَّعْدُودَةًۭ ۚ قُلْ أَتَّخَذْتُمْ عِندَ ٱللَّهِ عَهْدًۭا فَلَن يُخْلِفَ ٱللَّهُ عَهْدَهُۥٓ ۖ أَمْ تَقُولُونَ عَلَى ٱللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

Ва улар: «Бизга (дўзах) ўти ҳеч тегмайди, тегса ҳам саноқли кунларгина тегади», дедилар. Сен: «Аллоҳдан аҳд олдингизми? Зотан, Аллоҳ аҳдига ҳеч хилоф қилмайди. Ёки Аллоҳнинг номидан билмаган нарсангизни гапиряпсизми?» деб айт.

Улар алдоқчилик билан, бизга дўзах ўти тегмайди, дўзахга кирсак ҳам у ерда оз кунларгина қоламиз, дейишади. Бу ишга Аллоҳдан аҳду паймон олганмидинглар (шундай бўлса, Аллоҳ аҳдини бузмайди) ёки Аллоҳга туҳмат қилиб, билмаган нарсаларингизни валдираяпсизми?

Al-Baqara 2:80Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.