Толут лашкарни шаҳардан олиб чиққач, уларга шундай деди: "Аллоҳ сизларни бир дарё билан синайди. Ким ундан ичса, у билан йўлимиз бир эмас ва у менинг сафимда жанг қилмайди. Ким ичмаса, у билан йўлимиз бир ва у менинг сафимда жанг қилади. Мажбур бўлиб қолганидан қўли билан бир ҳовучгина олиб ичган одам бундан мустасно". Лашкарнинг катта кўпчилиги ундан ичдилар. Оз сонли сабрлиларгина ўта қаттиқ ташналикларига қарамасдан ичмадилар. Толут мўминлар билан бирга дарёдан ўтгач, қўшиндаги айрим аскарлар: "Бу кун Жолут ва унинг қўшинига бас кела олмаймиз, кучимиз етмайди", дедилар. Ана шунда қиёмат кунида Аллоҳга рўбарў келишига ишонадиган зотлар: "Қанча оз сонли мўминлар борки, Аллоҳнинг изни ва мадади ила кўп сонли кофирлардан ғолиб бўлганлар", дедилар. Яъни, ғалаба учун муҳим омил соннинг кўплиги эмас, иймондир. Аллоҳ сабрли бандалари билан биргадир. Уларни қўллаб-қувватлаб, нусрат бериб туради.