وَإِذَا طَلَّقْتُمُ ٱلنِّسَآءَ فَبَلَغْنَ أَجَلَهُنَّ فَأَمْسِكُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍ أَوْ سَرِّحُوهُنَّ بِمَعْرُوفٍۢ ۚ وَلَا تُمْسِكُوهُنَّ ضِرَارًۭا لِّتَعْتَدُوا۟ ۚ وَمَن يَفْعَلْ ذَٰلِكَ فَقَدْ ظَلَمَ نَفْسَهُۥ ۚ وَلَا تَتَّخِذُوٓا۟ ءَايَٰتِ ٱللَّهِ هُزُوًۭا ۚ وَٱذْكُرُوا۟ نِعْمَتَ ٱللَّهِ عَلَيْكُمْ وَمَآ أَنزَلَ عَلَيْكُم مِّنَ ٱلْكِتَٰبِ وَٱلْحِكْمَةِ يَعِظُكُم بِهِۦ ۚ وَٱتَّقُوا۟ ٱللَّهَ وَٱعْلَمُوٓا۟ أَنَّ ٱللَّهَ بِكُلِّ شَىْءٍ عَلِيمٌۭ
Хотинларни талоқ қилишингизда, муддатлари охирига етганда, уларни яхшилик билан ушлаб қолинг ёки яхшилик билан қўйворинг. Уларни тажовуз учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшандоқ қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил билманг. Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳга тақво қилинг ва, билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир. (Аллоҳнинг улуғ неъмати–Исломни дин ва Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборишидир. Ваъз этиб туширган китоби–Қуръони Карим. Ҳикмат–Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари. Бу нарсаларни доимо эсда тутиш, улар асосида илоҳий кўрсатмаларга амал қилиб яшашгина инсонга бахт келтиради, шу жумладан, оилавий ҳаётда ҳам.)
Аёлларингизни талоқ қилсангиз ва уларнинг идда муддатлари охирлаб қолса, ё яхшилик билан олиб қолинглар ва ёки яхшилик билан қўйиб юборинглар. Жоҳилиятдагиларга ўхшаб уларга тажовуз қилиш ва зарар етказиш учун олиб қолманглар. Ким шундай қилса, ўзига ўзи зулм қилибди. Чунки бу иши билан у ўзини ўзи гуноҳкор қилиб, азобга гирифтор этади. Аллоҳнинг оятлари билан ўйнашиб, уларни масхара қилманглар. Аллоҳнинг сизларга ато этган неъматларини эсланглар. Уларнинг энг улуғи сизларга Қуръон ва суннатни нозил қилганидирки, улар орқали сизларга жаннат хушхабарини берди ва сизларни дўзахдан огоҳлантирди. Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилинглар. Билингларки, Аллоҳ ҳар нарсадан хабардордир, ҳеч нарса У Зотдан яширин эмас ва яқинда сизларга амалларингизга қараб, жазо ёки мукофотларингизни беради.