Muslim99Muslim99
← Tafsir library

2. Al-Baqara

The Cow · Medinan · 286 ayahs

سُورَةُ البَقَرَةِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 181–190 of 286

181

فَمَنۢ بَدَّلَهُۥ بَعْدَمَا سَمِعَهُۥ فَإِنَّمَآ إِثْمُهُۥ عَلَى ٱلَّذِينَ يُبَدِّلُونَهُۥٓ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ سَمِيعٌ عَلِيمٌۭ

Ким уни эшитгандан сўнг ўзгартирса, бас, гуноҳи фақат ўзгартирганларнинг ўзига бўлади. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир. (Яъни, ўлаётган одамнинг васиятини эшитган одам у ўлгач, васиятини ўзгартириб, мол-дунёсининг васиятга мувофиқ тақсимланмаслигига сабаб бўлса, гуноҳкорлардандир. Гуноҳ васият қилувчи ёки васият қилинган кишига эмас, балки ўша ўзгартирувчининг ўзига бўлади. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир.)

Энди ким васиятни ўзгартириб, камайтириб ё кўпайтириб юборса ёки уни умуман яширса, гуноҳ васият қилувчининг эмас, ўша ўзгартириб юборганларнинг гарданига тушади. Аллоҳ бандаларининг гап-сўзларини эшитиб, қилаётган ишларини кўриб-билиб турадиган Зотдир. Биронта ҳолат У Зотнинг назаридан четда қолмайди.

Al-Baqara 2:181Listen in Qur'an →
182

فَمَنْ خَافَ مِن مُّوصٍۢ جَنَفًا أَوْ إِثْمًۭا فَأَصْلَحَ بَيْنَهُمْ فَلَآ إِثْمَ عَلَيْهِ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ غَفُورٌۭ رَّحِيمٌۭ

Кимки васият қилувчидан тойилиш ёки гуноҳ содир бўлишидан қўрқса, бас, уларнинг орасини ислоҳ қилса, унга гуноҳ бўлмайди. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Биз «тойилиш» деб таржима қилган сўз ояти каримада «жанафан» дейилган. Бу сўз хато қилиб ҳақдан бурилишни билдиради. Яъни, билмасдан. «Гуноҳ» эса, билиб туриб ҳақсизлик қилишдир. Демак, васият қилувчи билибми-билмайми нотўғри васият қилган бўлса, унинг васиятини бузган одам бундан аввалги оятда келгани каби гуноҳкор бўлмайди. Мисол учун, бир одам молининг учдан бири миқдоридан кўпини васият қилиб юборса, васияти фақат учдан бирига ўтади, қолганига амал қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди.)

Ким васият қилувчининг ҳақдан тойилаётганини ёки васият борасида адолат қилмаётганини кўрса ва уни насиҳат қилиб тўғрилаб қўйса, васият устида талашиб-тортишаётганларни келиштириб, ораларини ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқ. Аксинча, бу иши учун ажр-савоб олади. Аллоҳ бандаларининг тавбаларини қабул қиладиган, уларга Раҳмли Зотдир.

Al-Baqara 2:182Listen in Qur'an →
183

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ كُتِبَ عَلَيْكُمُ ٱلصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى ٱلَّذِينَ مِن قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ

Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз.

Эй Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарига тобе бўлган зотлар, сизлардан олдинги умматларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, рўза ва бошқа яхши амаллар билан ўзларингизни Аллоҳнинг азобидан ҳимоя қилсангизлар.

Al-Baqara 2:183Listen in Qur'an →
184

أَيَّامًۭا مَّعْدُودَٰتٍۢ ۚ فَمَن كَانَ مِنكُم مَّرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍۢ فَعِدَّةٌۭ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ۚ وَعَلَى ٱلَّذِينَ يُطِيقُونَهُۥ فِدْيَةٌۭ طَعَامُ مِسْكِينٍۢ ۖ فَمَن تَطَوَّعَ خَيْرًۭا فَهُوَ خَيْرٌۭ لَّهُۥ ۚ وَأَن تَصُومُوا۟ خَيْرٌۭ لَّكُمْ ۖ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ

Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.

Сизларга рўза тутиш, йил давомида озгина кунлардагина фарздир. Ким бемор ёки мусофир бўлиб рўза тутишга қийналса, оғзини очиши ва кейинроқ бир кунига бир кун қазосини тутиб бериши мумкин. Рўза тута оладиганлар эса оғизларини очиб юборсалар, фидя беришлари лозим. Фидя бир мискиннинг бир кунлик таомидир. Кимдир кўпроқ мискинга таом берса ёки ҳам рўза тутиб ва ҳам фидя берса, ўзи учун яхши. Сизлар учун, рўзанинг фазлини биладиган бўлсангизлар, оғизларингизни очганингиздан кўра рўза тутмоғингиз ва фидя бермоғингиз яхшироқдир. Рўза борасида Аллоҳнинг дастлабки ҳукми шу эди, яъни, хоҳлаган одам рўза тутар, хоҳламаган эса рўза тутмасдан фидя берарди. Кейинроқ Аллоҳ рўзани ҳар бир балоғатга етган ва уни тутишга қодир бўлган одам учун фарз қилди.

Al-Baqara 2:184Listen in Qur'an →
185

شَهْرُ رَمَضَانَ ٱلَّذِىٓ أُنزِلَ فِيهِ ٱلْقُرْءَانُ هُدًۭى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَٰتٍۢ مِّنَ ٱلْهُدَىٰ وَٱلْفُرْقَانِ ۚ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ ٱلشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ ۖ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَىٰ سَفَرٍۢ فَعِدَّةٌۭ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ۗ يُرِيدُ ٱللَّهُ بِكُمُ ٱلْيُسْرَ وَلَا يُرِيدُ بِكُمُ ٱلْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُوا۟ ٱلْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُوا۟ ٱللَّهَ عَلَىٰ مَا هَدَىٰكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.)

Пайғамбар алайҳиссаломга Қуръон рамазон ойининг қадр кечасида нозил бўла бошлаган. Аллоҳ уни одамларга ҳидоят қилиб нозил қилди. Унда ҳидоят ва ҳақ билан ноҳақни ажратадиган фурқондан иборат бўлган очиқ ҳужжатлар бор. Энди ким соғ-саломат рамазон ойига етиб келса ва муқим (ўз юртида) бўлса, рўзасини тутсин. Шундай қилиши вожиб, фарз. Ким рўза тутишга қийналадиган касал ё мусофир бўлса, оғзини очаверсин. Кейинроқ неча кун рўзасини қолдирган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради. Аллоҳ Ўзининг бу шариати билан сизларга оғирлик эмас, енгиллик бўлишини истайди. Рамазаон ойида тўла рўза тутинглар. Кейинги ойга ўтиб ҳайит кунида сизларни рўза тутишга муваффақ айлаган Аллоҳга такбир айтинглар. Шояд шунда ўзингларга ато этилган Ислом динидек улуғ неъмат учун Аллоҳга шукр қилсангизлар.

Al-Baqara 2:185Listen in Qur'an →
186

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِى عَنِّى فَإِنِّى قَرِيبٌ ۖ أُجِيبُ دَعْوَةَ ٱلدَّاعِ إِذَا دَعَانِ ۖ فَلْيَسْتَجِيبُوا۟ لِى وَلْيُؤْمِنُوا۟ بِى لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар. (Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: «Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди», дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин», деганлар.)

Эй Муҳаммад алайҳиссалом, бандаларим Мен ҳақимда сўрасалар, айтингки, Мен уларга яқинман. Аҳволларини кўриб-билиб тураман. Дуоларини эшитаман. Бу борада улар ҳеч қандай воситачиларга ҳам, овозларини баланд кўтариб қичқиришга ҳам муҳтож эмаслар. Дуогўйнинг ихлос билан қилган дуосини ижобат қиламан. Шундай экан, Менга бўйсунсинлар, буйруқларимни бажарсинлар, иймонларида барқарор турсинлар. Дуоларини ижобат қилишимнинг энг фойдали воситаси - мана шу. Шояд шу билан улар диний ишларида ҳам, дунёвий ишларида ҳам рушду ҳидоят йўлига ўтиб олсалар.

Al-Baqara 2:186Listen in Qur'an →
187

أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ ٱلصِّيَامِ ٱلرَّفَثُ إِلَىٰ نِسَآئِكُمْ ۚ هُنَّ لِبَاسٌۭ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌۭ لَّهُنَّ ۗ عَلِمَ ٱللَّهُ أَنَّكُمْ كُنتُمْ تَخْتَانُونَ أَنفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنكُمْ ۖ فَٱلْـَٰٔنَ بَٰشِرُوهُنَّ وَٱبْتَغُوا۟ مَا كَتَبَ ٱللَّهُ لَكُمْ ۚ وَكُلُوا۟ وَٱشْرَبُوا۟ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكُمُ ٱلْخَيْطُ ٱلْأَبْيَضُ مِنَ ٱلْخَيْطِ ٱلْأَسْوَدِ مِنَ ٱلْفَجْرِ ۖ ثُمَّ أَتِمُّوا۟ ٱلصِّيَامَ إِلَى ٱلَّيْلِ ۚ وَلَا تُبَٰشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَٰكِفُونَ فِى ٱلْمَسَٰجِدِ ۗ تِلْكَ حُدُودُ ٱللَّهِ فَلَا تَقْرَبُوهَا ۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ ءَايَٰتِهِۦ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар. («Эътикоф» сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжитда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.)

Дастлаб Рамазон кечаларида ярим тунда бомдоддан олдин уйғонган одамга овқатланиш ва аёлига яқинлик қилиш ҳаром бўлган. Кейин Аллоҳ бу ҳукмни насх-бекор қилди. Мана энди эй мўминлар, Рамазон кечаларида ҳам аёлингизга яқинлик қилишингиз мумкин. Зеро, гуноҳдан-зинодан сақланиш борасида бир-бирингизга муҳтожсиз ҳамда аёлларингиз сизларга, сизлар эса аёлларингизга парда-ҳимоядирсизлар. Аллоҳ сизларнинг тақиқланган ишни қилиб, ўзингизга ўзингиз хиёнат қилаётганингизни билди ва сизларни кечириб, сизларга раҳм қилиб, шу енгиллики ато этди. Мана энди улар билан қўшилишинглар ва Аллоҳ берганича зурриёт қолдиришга ҳаракат қилишинглар мумкин. То субҳи содиқ бўлиб, кун ёруғлиги тун қоронғулигидан ажраб қолгунига қадар еб-ичаверинглар. Кейин то кун ботгунига қадар рўзани бузадиган ишлардан тийилинглар. Масжидларда эътикоф ўтирган пайтингларда аёлингларга яқинлик қилманглар. Чунки бу иш эътикофни бузадиган амалдир. Бу ҳукмлар Аллоҳ ҳалол билан ҳаром орасига ўрнатиб қўйган ҳудудлардирки, уларга яқинлаша кўрманглар. Негаки, уларга яқинлашган одам ҳаром чоҳига тушиб кетиши ҳеч гап эмас! Аллоҳ инсонларга Ўзининг оятларини мана шундай очиқ-равшан тарзда баён қилади. Шояд улар тақво қилиб, Аллоҳнинг буйруқларини бажарсалар ва тақиқларидан тийилсалар.

Al-Baqara 2:187Listen in Qur'an →
188

وَلَا تَأْكُلُوٓا۟ أَمْوَٰلَكُم بَيْنَكُم بِٱلْبَٰطِلِ وَتُدْلُوا۟ بِهَآ إِلَى ٱلْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا۟ فَرِيقًۭا مِّنْ أَمْوَٰلِ ٱلنَّاسِ بِٱلْإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун уни ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг. (Имом Қуртубий деганларки: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари киради. Қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топишлик, ҳаром касбларни қилиб мол топишлик ва бошқалар».)

Бир-бирингларнинг молларингни ўғирлик, босқинчилик ва товламачилик каби жиноят йўли билан ўзлаштирманглар. Гуноҳлигини, ҳаромлигини била туриб, бир тоифа одамларнинг молларини тортиб олиш мақсадида қози олдида даъволашманглар. Ҳаромлигини била туриб, бир гуноҳга қадам босиш бориб турган қабоҳатдир ва унинг жазоси-азоби ҳам жуда қаттиқ бўлади.

Al-Baqara 2:188Listen in Qur'an →
189

۞ يَسْـَٔلُونَكَ عَنِ ٱلْأَهِلَّةِ ۖ قُلْ هِىَ مَوَٰقِيتُ لِلنَّاسِ وَٱلْحَجِّ ۗ وَلَيْسَ ٱلْبِرُّ بِأَن تَأْتُوا۟ ٱلْبُيُوتَ مِن ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ ٱلْبِرَّ مَنِ ٱتَّقَىٰ ۗ وَأْتُوا۟ ٱلْبُيُوتَ مِنْ أَبْوَٰبِهَا ۚ وَٱتَّقُوا۟ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

Сендан ҳилоллар ҳақида сўрарлар. «Улар одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», деб айт. Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас, лекин яхшилик, ким тақводорлик қилса, шундадир. Ва уйларга эшикларидан киринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки нажот топсангиз. (Ҳажга боғлиқ улуғ рукнлар кунини ва яна бошқа вақтларни аниқлаш учун, албатта, ҳилолга қаралади ва вақт унинг чиқишидан белгиланади. Демак, ҳаж ва ҳилолда ўзаро боғлиқлик бор. Шу боғлиқлик туфайли ҳилол ҳақида жавоб тушган оят ҳажга боғлиқ яна бир масалани ҳам ойдинлаштиради. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар саҳиҳ китобларида ал-Барро розийаллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки: «Ансорийларда (мадиналик мусулмонларда) ҳаждан қайтиб келганда уйнинг эшигидан кирмаслик одат бор эди. Улардан бир киши ҳаждан қайтганда уйининг эшигидан кирибди. Бу иши унга айб қилгандек қаралишига сабаб бўлибди. Шунда «Яхшилик уйларнинг орқасидан киришингизда эмас...», ояти тушди», деганлар.)

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, сиздан ойнинг тузилиши ва ўзгариб туриши ҳақида сўрайдилар. Ойнинг яратилишидаги ҳикмат ҳақида сўзлаб айтингки, ой ҳаж ойлари, рамазон ва закотдаги йилнинг тўлиши каби ибодатларда ҳамда хун ва қарз тўлаш муддати каби муомала-муносабатларда одамларга вақтни аниқлаб беради. Жоҳилият даврида бўлганидек, ҳаж ёки умрага эҳром боғлаган кишининг уйнинг орқа тарафидан кириши яхшилик ҳисобланмайди. Уйнинг олди тарафидан - эшигидан кириб бораверинглар. Шунда сизларга енгил ва машаққатсиз бўлади. Зеро, Аллоҳ сизларни машаққат бўладиган ишга буюрмайди. Ўзингларни солиҳ амал билан Аллоҳнинг азобидан қутқаринглар. Шояд шунда ўзинглар орзу қилаётган жаннатга эришиб, хавфсираётганинглар дўзахдан нажот топсанглар.

Al-Baqara 2:189Listen in Qur'an →
190

وَقَٰتِلُوا۟ فِى سَبِيلِ ٱللَّهِ ٱلَّذِينَ يُقَٰتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوٓا۟ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُحِبُّ ٱلْمُعْتَدِينَ

Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас.

Сизларга қарши Аллоҳнинг динидан тўсиш учун жанг қилаётган кофирларга қарши Аллоҳ сўзини юксалтириш мақсадида жанг қилинглар. Болалар, аёллар ва қариларни ўлдириш ёки ўликларни мусла қилиш (аъзоларини кесиб ташлаш) каби тақиқланган ишларни қилиш билан Аллоҳнинг ҳудудларидан ўтиб кетманглар. Аллоҳ Ўзи шариат ва ҳукм қилиб қўйган ишларда ҳаддидан ошганларни яхши кўрмайди.

Al-Baqara 2:190Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.