Muslim99Muslim99
← Tafsir library

2. Al-Baqara

The Cow · Medinan · 286 ayahs

سُورَةُ البَقَرَةِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 101–110 of 286

101

وَلَمَّا جَآءَهُمْ رَسُولٌۭ مِّنْ عِندِ ٱللَّهِ مُصَدِّقٌۭ لِّمَا مَعَهُمْ نَبَذَ فَرِيقٌۭ مِّنَ ٱلَّذِينَ أُوتُوا۟ ٱلْكِتَٰبَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَرَآءَ ظُهُورِهِمْ كَأَنَّهُمْ لَا يَعْلَمُونَ

Улардаги нарсани тасдиқлаб, Аллоҳнинг ҳузуридан уларга Пайғамбар келса, китоб берилганлардан бир гуруҳи, худди билмагандек, Аллоҳнинг китобини ортларига қараб отдилар. («Аллоҳнинг китоби» Таврот бўлиши мумкин, чунки унда Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбар бўлиб келишлари башорати бор. Тавротнинг башоратини тан олмаганларни китобни орқаларига қараб отиш деб васф этилмоқда. Айни чоқда, у китоб Қуръони Карим ҳам бўлиши мумкин, чунки яҳудийлар уни ҳам қабул қилмадилар.)

Тавротдаги маълумотларга мувофиқ тарзда Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келганида улардан бир гуруҳи рисолатдан юз ўгирдилар ва парво ҳам қилмасдан уни орқаларига отдилар. Ўзларини қўл остидаги тайёр ҳидоят ва ҳақиқатдан фойдалана билмайдиган, уларга парво ҳам қилмайдиган бир жоҳилдек тутдилар.

Al-Baqara 2:101Listen in Qur'an →
102

وَٱتَّبَعُوا۟ مَا تَتْلُوا۟ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلْكِ سُلَيْمَٰنَ ۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيْمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُوا۟ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحْرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلْمَلَكَيْنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَ ۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنْ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحْنُ فِتْنَةٌۭ فَلَا تَكْفُرْ ۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيْنَ ٱلْمَرْءِ وَزَوْجِهِۦ ۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ ٱللَّهِ ۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمْ وَلَا يَنفَعُهُمْ ۚ وَلَقَدْ عَلِمُوا۟ لَمَنِ ٱشْتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِى ٱلْءَاخِرَةِ مِنْ خَلَٰقٍۢ ۚ وَلَبِئْسَ مَا شَرَوْا۟ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمْ ۚ لَوْ كَانُوا۟ يَعْلَمُونَ

Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб, кофир бўлдилар. Ва Бобилда Ҳорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: «Биз фитна-синов учунмиз, кофир бўлмагин», демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва икковларидан зарар келтирадиган, фойда келтирмайдиган нарсани ўрганадилар. Ва, батаҳқиқ, биладиларки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар, ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон! (Аллоҳ Сулаймон алайҳиссаломга берган мазкур мўъжизаларни кўриб, одамлардан баъзилари иймонга келди, иймонлиларнинг иймонлари мустаҳкамланди. Аммо кофирлар, душманлар ва шайтонлар: «Сулаймон сеҳргар, у ўз сеҳрининг кучи билан турли ҳайвонлар ила муносабатда бўлмоқда, жинларни ишлатмоқда, деган гапларни тарқатишди. Пайғамбарлик мўъжизаси илоҳий неъмат бўлиб, фақат Аллоҳ томонидан берилади. Сеҳр эса, ўргатувчидан ўрганса бўладиган, ёмонликка ишлатиладиган бир нарсадир. Шундай қилиб, мўъжиза нимаю сеҳр нима–кишиларга амалда кўрсатилган экан. Ушбу ояти карима мазкур масалани муолажа қиларкан, Сулаймон сеҳргар бўлган, деган даъвога «Сулаймон кофир бўлмаган» деган жавоб келмоқда. Шундан англашиладики, сеҳр куфрга тенглаштирилмоқда. Бу маънони «Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар», деган жумла янада таъкидламоқда. Кофирликни бўйнига олиб сеҳрни ўрганганлар нимага ишлатишади сеҳрларини? «Эр-хотиннинг ўртасини бузишга». Демак, ёмон нарсага. Cеҳрни ўрганган, уни ёмонликка ишлатганларга охиратда ҳеч қандай насиба қолмайди. Буни уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар.)

Аллоҳнинг динини тарк қилганларидан кейин унинг ўрнига Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон давридаги шайтонлар тўқиб чиқарган хурофотга эргаша бошладилар. Сулаймоннинг подшоҳлиги сеҳр билан мустаҳкам бўлган, деб ўйладилар. Аслида эса яҳудлар ўйлаганидек, Сулаймон сеҳр билан шуғулланиб, куфр келтирмаганди. Балки шайтонлар одамларга сеҳрни, Ироқда жойлашган Бобил шаҳридаги икки фаришта Ҳорут ва Морутга тушган жодуни ўргатиб, куфр келтиргандилар. Аслида бу икки фаришта одамларни синаш, имтиҳон қилиш учунгина туширилганди. Улар ўргатишдан олдин, биз синов ва имтиҳонмиз, сеҳрни ўрганиб, кофирга айланиб қолма, дея огоҳлантирардилар. Уларнинг насиҳатини олмаганлар эр билан аёли ўртасига адоват уруғини экиб, уларни ажратиб юборадиган жодуни ўрганарди. Аммо бу сеҳргарлар Аллоҳнинг изни ва хоҳиш-иродасисиз ҳеч кимга таъсир қила олмайдилар. Улар ўзларига фойда келтирадиган эмас, зарар қиладиган илмни ўрганардилар. Ҳолбуки, яҳудлар Аллоҳнинг китоби эвазига сеҳрни алмаштириб оладиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба бўлмаслигини жуда яхши билардилар. Ўзларини ўзлари нақадар ёмон нарсага сотдилар. Аллоҳнинг ваҳийси ва шариатидек покиза, буюк мақомни сеҳрдек тубан, қабиҳ матоҳга алмаштириб ўтирибдилар-а. Фойда-зарарни ажрата олганларида эди, бу қадар қабиҳ ишга, очиқ залолатга қадам босмаган бўлардилар.

Al-Baqara 2:102Listen in Qur'an →
103

وَلَوْ أَنَّهُمْ ءَامَنُوا۟ وَٱتَّقَوْا۟ لَمَثُوبَةٌۭ مِّنْ عِندِ ٱللَّهِ خَيْرٌۭ ۖ لَّوْ كَانُوا۟ يَعْلَمُونَ

Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди.

Яҳудлар Аллоҳга ҳақиқий иймон келтириб, буйруқларини бажариб, тақиқларидан тийилганларида эди, Аллоҳнинг савоби улар эришган нарсалардан анча яхшироқ бўларди, фойда-зарарни ажрата билганларида.

Al-Baqara 2:103Listen in Qur'an →
104

يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ لَا تَقُولُوا۟ رَٰعِنَا وَقُولُوا۟ ٱنظُرْنَا وَٱسْمَعُوا۟ ۗ وَلِلْكَٰفِرِينَ عَذَابٌ أَلِيمٌۭ

Эй иймон келтирганлар! «Роъина» деманглар, «унзурна» денглар ва тингланглар. Ва кофирларга аламли азоб бўлур. (Cаҳобаи киромлар ўрганиши лозим бўлган нарсаларни сабоқ олсалар, Пайғамбаримиз алайҳиссалату вассаламга, «Роъина», яъни, кузатиб туринг, тушуниб, ўзлаштириб олайлик, дейишар экан. Аммо пасткаш яҳудийлар мусулмонларни таҳқирлаш учун шу ҳолатдан ҳам фойдаланишибди. Ўзларининг иброний тилларида худди «роъина» каби талаффуз этиладиган, лекин сўкиш, масхара маъносида ишлатиладиган сўзни Расули акрам c. а. в. ҳузурларига келганда айтадиган бўлишибди.)

Аллоҳ таоло мўминларни фикрни ифодалашда чиройли шакл танлашга йўллаяпти. Эй мўминлар, «Роъино» деманг. Яъни, аҳволимизни риоя қилгин. Чунки бу сўз ҳақорат маъносини ҳам англатиб, яҳудлар Пайғамбар алайҳиссаломга шу сўзни айтаётганларида айнан ўша ҳақорат маъносини назарда тутардилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу сўзни ишлатишдан қайтарди ва бандаларини унинг ўрнига, айтган гапингизни тушуниб олгунимизча кутиб туринг, деган маънодаги "унзурна" сўзини ишлатишга буюрди. Бу сўзда эҳтиёт бўлиниши керак бўлган маъно йўқ. Аллоҳга кофир бўлганлар учун аламли азоб бордир.

Al-Baqara 2:104Listen in Qur'an →
105

مَّا يَوَدُّ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ مِنْ أَهْلِ ٱلْكِتَٰبِ وَلَا ٱلْمُشْرِكِينَ أَن يُنَزَّلَ عَلَيْكُم مِّنْ خَيْرٍۢ مِّن رَّبِّكُمْ ۗ وَٱللَّهُ يَخْتَصُّ بِرَحْمَتِهِۦ مَن يَشَآءُ ۚ وَٱللَّهُ ذُو ٱلْفَضْلِ ٱلْعَظِيمِ

Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Роббингиздан яхшилик туширилишини ёқтирмайдилар. Ва ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир.

Аҳли китоб бўладими, мушрик бўладими, кофирлар сизларга Парвардигорингиз тарафидан озми, кўпми, бирон яхшилик нозил қилинишини истамайдилар. Аллоҳ эса пайғамбарлик, ваҳий ва иймон каби неъматларини Ўзи истаган бандасига ато этади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. Бандаларидан кимга ва қандай яхшилик етган бўлса, у Аллоҳдандир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг юборилиши ҳам, Қуръоннинг нозил қилиниши ҳам Ўша Зотнинг фазлу карамидандир.

Al-Baqara 2:105Listen in Qur'an →
106

۞ مَا نَنسَخْ مِنْ ءَايَةٍ أَوْ نُنسِهَا نَأْتِ بِخَيْرٍۢ مِّنْهَآ أَوْ مِثْلِهَآ ۗ أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ قَدِيرٌ

Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?

Аллоҳ таоло Қуръондан бирон оятнинг ҳукмини бекор қилса ёки бирон оятни олиб ташласа-да, кейин одамлар уни унутиб юборсалар, яқин ё узоқ келажакда ўша бекор қилинган ё унуттирилган оятдан ҳам яхшироғини ёки худди ўшандек бир оятни келтиришини баён қиляпти. Бу иш Аллоҳнинг илми ва ҳикмати билан бўлади. Эй Пайғамбар алайҳиссалом, ўзингизга маълумки, Аллоҳ таоло ҳар ишга қодир, хоҳлаган ишини қиладиган, истаган ҳукмини чиқарадиган Зотдир.

Al-Baqara 2:106Listen in Qur'an →
107

أَلَمْ تَعْلَمْ أَنَّ ٱللَّهَ لَهُۥ مُلْكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ ۗ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِن وَلِىٍّۢ وَلَا نَصِيرٍ

Албатта, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга дўст йўқ, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми? («Насх» сўзи луғатда ўзгартиш, бекор қилиш маъносини билдиради. Шариат таърифида эса, бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор қилинишига айтилади. Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олишаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят тушириб, ким Пайғамбар алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Пайғамбар алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканлигини англаб бўлганларидан сўнг, бошқа оят тушириб, аввалги ҳукм бекор қилингани эълон этилди.)

Эй Пайғамбар алайҳиссалом, Аллоҳ таоло еру осмонларнинг эгаси эканини, истаган ҳукмини чиқаришини, бандаларига хоҳлаган ишини буюришини, хоҳлаган ишидан қайтаришини, истаган ҳукмини чиқариб, истаганини бекор қилишини, сизлар учун Аллоҳдан бошқа бошқарадиган бошқарувчи ҳам, мудофаа қиладиган ёрдамчи ҳам йўқлигини, ҳар ишнинг бошқарувчиси ва ҳар ишга қодир ягона зот эканини яхши биласиз-ку.

Al-Baqara 2:107Listen in Qur'an →
108

أَمْ تُرِيدُونَ أَن تَسْـَٔلُوا۟ رَسُولَكُمْ كَمَا سُئِلَ مُوسَىٰ مِن قَبْلُ ۗ وَمَن يَتَبَدَّلِ ٱلْكُفْرَ بِٱلْإِيمَٰنِ فَقَدْ ضَلَّ سَوَآءَ ٱلسَّبِيلِ

Ёки Пайғамбарингиздан, бундан аввал Мусодан сўралганидек, савол сўрашни хоҳлайсизми?! Ким иймонни куфрга алмаштирса, батаҳқиқ, тўғри йўлдан адашган бўлади. (Аллоҳ таоло мусулмонларни яҳудийларга ўхшаб ғаразли саволлар беришдан қайтармоқда. Пайғамбар алайҳиссаломдан Мусо алайҳиссаломдан Бани Исроил сўраган нарсаларга ўхшаш нарсаларни сўрашнинг ёмонлигини баён қиляпти ва бу ишни, иймонни куфрга алмаштириш, деб атаяпти.)

Эй мўминлар, илгари Мусодан қавми ҳар нарсани сўрайверишган. Масалан: "Бизга Аллоҳни очиқ кўрсат", деб ҳам сўрашган. Энди ўшаларга ўхшаб Пайғамбарингиздан ҳар нарсани сўрайверишингиз сизларга ярашмайди. Иймонни куфрга алмаштирган одам Тўғри Йўлдан озган одамдир.

Al-Baqara 2:108Listen in Qur'an →
109

وَدَّ كَثِيرٌۭ مِّنْ أَهْلِ ٱلْكِتَٰبِ لَوْ يَرُدُّونَكُم مِّنۢ بَعْدِ إِيمَٰنِكُمْ كُفَّارًا حَسَدًۭا مِّنْ عِندِ أَنفُسِهِم مِّنۢ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُمُ ٱلْحَقُّ ۖ فَٱعْفُوا۟ وَٱصْفَحُوا۟ حَتَّىٰ يَأْتِىَ ٱللَّهُ بِأَمْرِهِۦٓ ۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَىْءٍۢ قَدِيرٌۭ

Аҳли китоблардан кўплари уларга ҳақ равшан бўлганидан кейин, ўзларича ҳасад қилиб, сизларни иймонли бўлганингиздан кейин кофирликка қайтармоқчи бўладилар. Аллоҳнинг амри келгунча афв этинг, кечиримли бўлинг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.

Яҳуд ва насоролардан кўпчилиги ичларидаги ҳасадлари туфайли сизлар мўмин бўлганинглардан кейин яна қайта кофир бўлишингларни истайдилар. Улар Пайғамбар алайҳиссалом олиб келган рисолат Аллоҳ тарафидан юборилган ҳақ эканини билиб туриб шундай орзу қиладилар. Эй мўминлар, то Аллоҳнинг фармони ва ҳукми келгунига қадар уларнинг қилмишларини, нодонликлари туфайли ҳаддан ошаётганларини, ичиқораликларини кечириб тураверинглар. Аллоҳнинг фармони ва ҳукми келганда эса кофир уч ишдан бирини, яъни, ё мусулмон бўлиш, ё жизя бериш ва ё жанг қилишдан бирини танлашга мажбур бўлади. Аллоҳ ҳар ишга қодир. Улар Аллоҳни енга олмаслар.

Al-Baqara 2:109Listen in Qur'an →
110

وَأَقِيمُوا۟ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتُوا۟ ٱلزَّكَوٰةَ ۚ وَمَا تُقَدِّمُوا۟ لِأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍۢ تَجِدُوهُ عِندَ ٱللَّهِ ۗ إِنَّ ٱللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌۭ

Намозни қоим қилинг, закот беринг, ўзингиз учун қилган яхшиликларни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётганингизни кўрувчидир.

Намозни ҳамма рукнлари, вожиблари ва суннатлари ила тўкис адо этинг. Мол-мулкингиздан ҳақдорларга закотини беринг. Ҳаётлик пайтингизда қанча яхши амал қилиб қолсангиз, унинг савобини Қиёмат кунида Парвардигорингиз ҳузурида топасиз ва мукофотини оласиз. Аллоҳ ҳамма қилган ишларингизни кўриб тургувчидир ва ҳаммага қилган амалига яраша жазо ёки мукофот берар.

Al-Baqara 2:110Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.