Muslim99Muslim99
← Tafsir library

7. Al-A'raaf

The Heights · Meccan · 206 ayahs

سُورَةُ الأَعۡرَافِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 151–160 of 206

151

قَالَ رَبِّ ٱغْفِرْ لِى وَلِأَخِى وَأَدْخِلْنَا فِى رَحْمَتِكَ ۖ وَأَنتَ أَرْحَمُ ٱلرَّٰحِمِينَ

У: «Мени ва акамни мағфират қилгин ва бизларни Ўз раҳматингга киритгин. Сенинг Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан», деди.

Шунда Мусо Парвардигорига дуо қилиб деди: "Парвардигоро, мени ва акам Ҳорунни мағфират қил. Бизни раҳматингга дохил айла. Раҳматинг бизни ҳар тарафдан қамраб олсин. Парвардигоро, Сен меҳрибонлар меҳрибонисан".

Al-A'raaf 7:151Listen in Qur'an →
152

إِنَّ ٱلَّذِينَ ٱتَّخَذُوا۟ ٱلْعِجْلَ سَيَنَالُهُمْ غَضَبٌۭ مِّن رَّبِّهِمْ وَذِلَّةٌۭ فِى ٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِى ٱلْمُفْتَرِينَ

Албатта, бузоқни (худо) тутганларга Роббиларидан ғазаб ва ҳаёти дунёда хорлик етадир. Ёлғон тўқувчиларни мана шундай жазолаймиз.

Бузоқни ўзларига худо қилиб олганлар Парвардигорнинг қаттиқ ғазаби ва шу дунёнинг ўзида хорликка учрайдилар. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиганларни мана шундай жазолаймиз.

Al-A'raaf 7:152Listen in Qur'an →
153

وَٱلَّذِينَ عَمِلُوا۟ ٱلسَّيِّـَٔاتِ ثُمَّ تَابُوا۟ مِنۢ بَعْدِهَا وَءَامَنُوٓا۟ إِنَّ رَبَّكَ مِنۢ بَعْدِهَا لَغَفُورٌۭ رَّحِيمٌۭ

Гуноҳ ишларни қилганлар, ундан кейин тавба қилсалар ва иймон келтирсалар, албатта, Роббинг ундан сўнг мағфират қилгувчи ва меҳрибон зотдир.

Аллоҳга ширк келтириш ва бошқа гуноҳларни содир этган кимсалар Аллоҳга тавба қилиб, иймон келтирсалар ва қилиб юрган гуноҳларидан тийилсалар, бас, эй Пайғамбар, Парвардигорингиз ширкдан иймонга, гуноҳдан эса итоатга ўтган кимсалар учун Кечиримли ва Шафқатли Зотдир.

Al-A'raaf 7:153Listen in Qur'an →
154

وَلَمَّا سَكَتَ عَن مُّوسَى ٱلْغَضَبُ أَخَذَ ٱلْأَلْوَاحَ ۖ وَفِى نُسْخَتِهَا هُدًۭى وَرَحْمَةٌۭ لِّلَّذِينَ هُمْ لِرَبِّهِمْ يَرْهَبُونَ

Қачонки Мусонинг ғазаби босилгач, лавҳларни олди. Уларнинг нусхасида Роббиларидан ҳақиқатда қўрқадиганлар учун ҳидоят ва раҳмат бор эди. (Ҳоруннинг гапидан кейин бир оз ўзига келиб, Аллоҳдан мағфират сўраб, унинг раҳматидан умидворликларини билдирганларидан сўнг, Мусонинг (а. с.) ғазаблари босилди. Шунда ерга қўйган лавҳларни қўлларига олдилар. Бу лавҳларда Аллоҳ таолодан ҳақиқатда қўрқадиган одамлар учун катта ҳидоят ва улкан раҳматлар борлиги ёзилган эди)

Мусо ғазабини босиб, сокинлишгач, ўзи отиб юборган лавҳларни қўлига олди. Уларда ҳидоят ва ҳақиқат ҳамда Парвардигоридан тақво қилиб, азобидан қўрқадиган зотлар учун раҳмат битилганди.

Al-A'raaf 7:154Listen in Qur'an →
155

وَٱخْتَارَ مُوسَىٰ قَوْمَهُۥ سَبْعِينَ رَجُلًۭا لِّمِيقَٰتِنَا ۖ فَلَمَّآ أَخَذَتْهُمُ ٱلرَّجْفَةُ قَالَ رَبِّ لَوْ شِئْتَ أَهْلَكْتَهُم مِّن قَبْلُ وَإِيَّٰىَ ۖ أَتُهْلِكُنَا بِمَا فَعَلَ ٱلسُّفَهَآءُ مِنَّآ ۖ إِنْ هِىَ إِلَّا فِتْنَتُكَ تُضِلُّ بِهَا مَن تَشَآءُ وَتَهْدِى مَن تَشَآءُ ۖ أَنتَ وَلِيُّنَا فَٱغْفِرْ لَنَا وَٱرْحَمْنَا ۖ وَأَنتَ خَيْرُ ٱلْغَٰفِرِينَ

Ва Мусо мийқотимизга қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Уларни даҳшатли зилзила тутган пайтда: «Эй Роббим, агар хоҳласанг, буларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилсанг бўларди. Эсипастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валиймизсан, бас, бизни мағфират қил ва раҳм эт. Сенинг Ўзинг мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан. (Бани Исроил тилладан ясалган бузоқ ҳайкалига ибодат қилиб, улкан гуноҳ содир этганлари, кейин афсус билан тавба қилганлари учун Аллоҳ таоло Мусога (а. с.) улардан етмиш кишини Ўз мийқотига олиб келишни амр қилган эди. Мусо (а. с.) Бани Исроилнинг ўн икки уруғидан, бузоққа ибодат қилмаган етмиш кишини танлаб, Аллоҳнинг мийқотига олиб бордилар. Улар эса Мусога (а. с.), бизга худонинг Ўзини кўрсат, деб туриб олдилар. Ҳаттоки улар орасидан танлаб олинганларнинг қилмиши шу бўлди. Бундай шаккоклик содир этганларидан сўнг, уларни даҳшатли зилзила тутиб, ўзларидан кетдилар.)

Мусо қавмнинг нодонлари содир этган бузоққа ибодат қилишдек манфур ишга Парвардигордан кечирим сўраш учун ўз қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Аллоҳ уларга бир вақт ва жой тайин қилди. Ўша жойга борганларида эса яна ҳадларидан ошиб, Мусодан Аллоҳ очиқ кўриниш беришини талаб қилдилар. Шунда бир зилзила юз бериб, унинг даҳшатидан ларзага келдилар ва Мусо Парвардигорига илтижо айлаб деди: "Парвардигоро, қавмимни ва уларга қўшиб мени ҳалок қилмоқчи бўлганингда бу ерга келмасимиздан олдин ҳам ҳалок қилаверардинг. Ичимиздаги эси паст, нодонларнинг қилмишлари учун ҳаммамизни ҳалок қиласанми? Қавмим тарафидан содир этилган бузоққа ибодат қилиш иши Сен тарафингдан бўлган бир синов, имтиҳондан ўзга нарса эмас-ку. У билан Ўзинг истаган одамни адаштирасан, истаган одамни ҳидоятга бошлайсан. Ҳамма ишларимизни бошқариб турган Ўзингсан. Гуноҳларимизни кечир ва бепоён раҳматинг ила бизга раҳм қил. Сен кечиргувчиларнинг, афв этгувчиларнинг энг афзалисан".

Al-A'raaf 7:155Listen in Qur'an →
156

۞ وَٱكْتُبْ لَنَا فِى هَٰذِهِ ٱلدُّنْيَا حَسَنَةًۭ وَفِى ٱلْءَاخِرَةِ إِنَّا هُدْنَآ إِلَيْكَ ۚ قَالَ عَذَابِىٓ أُصِيبُ بِهِۦ مَنْ أَشَآءُ ۖ وَرَحْمَتِى وَسِعَتْ كُلَّ شَىْءٍۢ ۚ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَٱلَّذِينَ هُم بِـَٔايَٰتِنَا يُؤْمِنُونَ

Ва бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ёзиб қўй. Биз сенинг Ўзингга тавба қилдик», деди. У зот: «Азобим ила кимни хоҳласам, тутаман. Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман.

Бизни шундай зотлардан айлагилки, Сен уларга шу дунёда турли неъматлар бергансан, уларни яхши амаллар қилишга муваффақ этиб, тинчлик-омонлик билан сийлагансан. Охиратда эса уларга жаннатни тайёрлаб қўйгансан. Биз Сенга тавба қилдик. Айбу нуқсонларимизга иқрормиз. Аллоҳ таоло деди: "Азобим Ўзим истаган одамларга - ўзига ўзи жабр қилиб, бахтсизлик келтирадиган ишларни қилган кимсаларга етиб боради. Раҳматим эса дунёдаги ҳамма-ҳамма нарсани қамраб олган. Бирон махлуқ йўқки, унга раҳматим етиб бормаган бўлса. Охиратда раҳматимни Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қиладиган, молларидан ҳақдорларга закотини берадиган ва оятларимизга иймон келтирадиган зотларга ёзаман".

Al-A'raaf 7:156Listen in Qur'an →
157

ٱلَّذِينَ يَتَّبِعُونَ ٱلرَّسُولَ ٱلنَّبِىَّ ٱلْأُمِّىَّ ٱلَّذِى يَجِدُونَهُۥ مَكْتُوبًا عِندَهُمْ فِى ٱلتَّوْرَىٰةِ وَٱلْإِنجِيلِ يَأْمُرُهُم بِٱلْمَعْرُوفِ وَيَنْهَىٰهُمْ عَنِ ٱلْمُنكَرِ وَيُحِلُّ لَهُمُ ٱلطَّيِّبَٰتِ وَيُحَرِّمُ عَلَيْهِمُ ٱلْخَبَٰٓئِثَ وَيَضَعُ عَنْهُمْ إِصْرَهُمْ وَٱلْأَغْلَٰلَ ٱلَّتِى كَانَتْ عَلَيْهِمْ ۚ فَٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ بِهِۦ وَعَزَّرُوهُ وَنَصَرُوهُ وَٱتَّبَعُوا۟ ٱلنُّورَ ٱلَّذِىٓ أُنزِلَ مَعَهُۥٓ ۙ أُو۟لَٰٓئِكَ هُمُ ٱلْمُفْلِحُونَ

Улар ўз ҳузурларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолида топиладиган, уларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадиган, уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган, устиларидаги юкни енгиллатиб, кишанларни ечадиган уммий, Набий, Пайғамбарга эргашадилар. Бас, унга иймон келтириб, ёрдам бериб ва уни қўллаб-қувватлаган ҳамда унга нозил бўлган нурга эргашганлар–ана ўшалар нажот топгувчилардир», деди. (Аллоҳдан гуноҳларини кечишини сўраганларидан сўнг, у зот икки дунёнинг яхшилигини ҳам сўрадилар. Фақат охиратнинггина эмас, бу дунё ва у дунёнинг яхшиликларини сўрадилар. Бу ҳаммага ўрнак бўлиши керак. Мусо (а. с.) танлаб олинган етмиш нафар номидан қилган илтижолари охирида «Биз сенга тавба қилдик», дедилар. Муҳаммаднинг (с. а. в.) сифатлари ҳақиқий Таврот ва ҳақиқий Инжилда ёзилган. Шундай бўлишини Аллоҳ таоло қадимда Мусо (а. с.) билан бирга мийқотга келган Бани Исроилнинг етмишта вакилига ҳам айтган. Кейинчалик шундай бўлди ҳам. Қанчадан-қанча аҳли китоблар ёки бу китоблардан бўлажак Пайғамбарнинг сифатлари ҳақида маълумот олганлар Муҳаммадни (с. а. в.) кўришлари билан иймонга келдилар.)

Улар шундай зотларки, ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган оми, Парвардигори тарафидан келган ваҳийни гапирадиган Муҳаммад алайҳиссаломга эргашадилар. У кишининг номи ва сифатлари Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Тавротда ҳам, Ийсо алайҳиссаломга нозил қилинган Инжилда ҳам ёзилганини кўрганлар. У зот эзгулик ва ўнгланиш сари етаклайдиган ишларга буюради. Соғлом ақл ва покиза табиат қабул қилмайдиган манфур ишлардан қайтаради. Тансиқ таом ва аёлларни никоҳлаб олиш каби турли хил зарарсиз ноз-неъматларга рухсат берса, кир, ифлос нарсаларни ман қилади. Қасддан ёки билмасдан қилганига қарамасдан, қотилни ўлдириш каби олдин уларнинг зиммаларида бўлган оғир вазифаларни олиб ташлайди. Бани Исроилдан бўладими, бошқа бўладими, у кишига иймон келтириб, уни улуғлаб, эъзозлаб, кофир душманларига қарши қўллаб-қувватлаб, нур ва ҳидоят бўлиб нозил қилинган Қуръонга эргашганлар муроду мақсадига етадиган, хавфу хатарга дуч келмайдиган чин нажот топгувчилардир.

Al-A'raaf 7:157Listen in Qur'an →
158

قُلْ يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنِّى رَسُولُ ٱللَّهِ إِلَيْكُمْ جَمِيعًا ٱلَّذِى لَهُۥ مُلْكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلْأَرْضِ ۖ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ يُحْىِۦ وَيُمِيتُ ۖ فَـَٔامِنُوا۟ بِٱللَّهِ وَرَسُولِهِ ٱلنَّبِىِّ ٱلْأُمِّىِّ ٱلَّذِى يُؤْمِنُ بِٱللَّهِ وَكَلِمَٰتِهِۦ وَٱتَّبِعُوهُ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

Сен: «Эй одамлар, албатта, мен сизларнинг барчангизга, осмонлару ернинг мулки Уники бўлган, Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган ва тирилтириб ўлдирадиган Аллоҳнинг Пайғамбаридирман. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳ ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз», деб айт. (Бурунги Пайғамбарлар ўз қавмлари ва ўз замонларига, ўзларидан сўнг янги Пайғамбар келгунча бўлган даврга Пайғамбар бўлганлар. Улар инсоният тарихининг маълум бир даври учун масъул бўлганлар. Аммо Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) бутун олам халқларига ва қиёматга қадар кечадиган замонларга Пайғамбар бўлиб келдилар. У кишининг шариатлари вақт ўтиши билан эскириб қолмайди, балки барча вақт ва маконга салоҳияти бор шариатдир. Шунинг учун ҳам Муҳамадга (с. а. в.) бутун инсониятга қарата, мен барчангизга Пайғамбарман, деб айтиш ҳуқуқи берилган.)

Эй Пайғамбар, айтинг: "Эй одамлар, мен сизларнинг ҳаммангизга, арабингизга ҳам, ажамингизга ҳам юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Аллоҳ ёлғиздир. Осмонлару ер Унинг мулкидир. Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. Ўликларни тирилтирадиган ҳам, тирикларни ўлдирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Шундай экан, эй одамлар, Аллоҳга иймон келтиринглар. Ўқиш ва ёзишни билмайдиган, Парвардигори ваҳий қилган хабарни олиб келадиган, ўзига нозил қилинган шариатга ҳам, ўзидан олдинги пайғамбарларга нозил қилинган шариатларга ҳам бирдек иймон келтирадиган Муҳаммад алайҳиссаломга ишонинглар. У зот Парвардигори тарафидан олиб келган шариатга эргашинглар. Шояд, шунда дунё ва охиратдаги бахтга элтувчи йўлни топиб олсангизлар".

Al-A'raaf 7:158Listen in Qur'an →
159

وَمِن قَوْمِ مُوسَىٰٓ أُمَّةٌۭ يَهْدُونَ بِٱلْحَقِّ وَبِهِۦ يَعْدِلُونَ

Ва Мусонинг қавмидан баъзи жамоалар борки, ҳақ ила ҳидоят қилиб, у ила адолат қиларлар. (Яъни, Бани Исроил ёппасига ёмон бўлмаган. Мусо (а. с.) даврларида уларнинг орасида баъзи жамоалар ҳақ сўзлар ила одамларни ҳидоятга бошлаб, ҳақ ила уларнинг сафида адолат қилганлар. Кейинчалик Муҳаммад (с. а. в.) Пайғамбар бўлиб келганларида Абдуллоҳ ибн Саломга (р. а.) ўхшаш Бани Исроил аҳли шундай қилдилар.)

Мусо қавми Бани Исроил орасида соғлом дин асосларида собит турган, одамларни унга бошлайдиган, зулм қилмасдан адолат билан ҳукм қиладиган бир тўғри жамоа ҳам бор.

Al-A'raaf 7:159Listen in Qur'an →
160

وَقَطَّعْنَٰهُمُ ٱثْنَتَىْ عَشْرَةَ أَسْبَاطًا أُمَمًۭا ۚ وَأَوْحَيْنَآ إِلَىٰ مُوسَىٰٓ إِذِ ٱسْتَسْقَىٰهُ قَوْمُهُۥٓ أَنِ ٱضْرِب بِّعَصَاكَ ٱلْحَجَرَ ۖ فَٱنۢبَجَسَتْ مِنْهُ ٱثْنَتَا عَشْرَةَ عَيْنًۭا ۖ قَدْ عَلِمَ كُلُّ أُنَاسٍۢ مَّشْرَبَهُمْ ۚ وَظَلَّلْنَا عَلَيْهِمُ ٱلْغَمَٰمَ وَأَنزَلْنَا عَلَيْهِمُ ٱلْمَنَّ وَٱلسَّلْوَىٰ ۖ كُلُوا۟ مِن طَيِّبَٰتِ مَا رَزَقْنَٰكُمْ ۚ وَمَا ظَلَمُونَا وَلَٰكِن كَانُوٓا۟ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ

Уларни ўн икки уруғ–жамоага бўлиб юбордик. Ва қавми ундан сув талаб қилган пайтда Мусога: «Асонг ила тошни ур!» деб ваҳий юбордик. У(тош)дан ўн иккита булоқ отилиб чиқди. Ҳамма одамлар ўз сувхонасини билди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манн ва беданаларни нозил қилдик. «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларини енглар» (дедик). Улар бизга зулм қилмадилар. Лекин ўзларига зулм қилар эдилар. (Маълумки, Исроил лақабини олган Яъқубнинг (а. с.) ўн иккита ўғиллари бор эди. Аллоҳ ана ўша ўн иккита ўғилдан тарқалган фарзандларнинг ҳар бирини бир жамоа–қабила қилиб қўйди. Саҳрода сув билан таъминлашнинг устига, Бани Исроил бошида булутни соябон бўлиб сузиб юрадиган қилиб қўйди. Улар қаерга бормасинлар, бошлари узра булут соя солиб турар эди. Таом сифатида осмондан манн (асалли ҳалво) ва бедана гўштини ҳозир қилиб қўйди)

Бани Исроилни ўн икки қабилага ажратдик. Мусога қавми ундан Аллоҳдан сув сўраб беришини сўраганларида: "Эй Мусо, асоингни тошга ур", дедик ва Мусо урган эди, ундан ўн икки булоқ отилиб чиқди. Ҳар бир қабилага биттадан булоқ бўлиб, ҳаммаси ўзи ичадиган жойини, булоғини билди. Бири ичадиган жойга бошқаси келмади. Уларга булутни соябон қилдик. Юрсалар, булут ҳам юрди, тўхтасалар, тўхтади. Уларга ширинликлар ва бедана каби қушларни ёғдириб: "Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза неъматлардан тановул қилинглар", дедик. Уларнинг куфри, зулми ва ҳақни тан олмаслиги Бизга ҳеч қандай зарар қилгани йўқ. Лекин улар Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилиб, буйруқларига итоат этмай, ўзларига ўзлари жабр қилдилар, ўзларини ўзлари ҳалокат чоҳига отдилар.

Al-A'raaf 7:160Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.