Muslim99Muslim99
← Tafsir library

8. Al-Anfaal

The Spoils of War · Medinan · 75 ayahs

سُورَةُ الأَنفَالِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 1–10 of 75

بِسْمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحْمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ

1

يَسْـَٔلُونَكَ عَنِ ٱلْأَنفَالِ ۖ قُلِ ٱلْأَنفَالُ لِلَّهِ وَٱلرَّسُولِ ۖ فَٱتَّقُوا۟ ٱللَّهَ وَأَصْلِحُوا۟ ذَاتَ بَيْنِكُمْ ۖ وَأَطِيعُوا۟ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

Сендан ўлжалар ҳақида сўрарлар. Сен: «Ўлжалар Аллоҳ ва Пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва ўз ораларингизни ислоҳ этинглар. Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинглар», деб айт.

Эй Пайғамбар, саҳобаларингиз сиздан ўлжалар ҳақида, уларни тақсимлаш тартиби тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: "Ўлжалар Аллоҳники ва Пайғамбариникидир. Уни қандай тақсимлаш ва тасарруф этиш Аллоҳ ва Пайғамбарининг ҳаққидир. Сизларга эса таслим бўлиш бўйсуниш вожибдир. Эй мўминлар, Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш билан тақво қилингиз. Ораларингиздаги совуқчилик ва келишмовчиликни бартараф этиб, ўзаро яқинлик, ошнолик, гўзал хулқ ва кечиримлиликни барпо этингиз. Агар чин мўмин бўлсангиз Аллоҳ ва Пайғамбарига оғишмай итоат этингиз. Зеро, иймон итоатга ва маъсиятдан четда туришга чорлайди. Бу савол Бадр жангидан кейин юзага келганди.

2

إِنَّمَا ٱلْمُؤْمِنُونَ ٱلَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ ٱللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ ءَايَٰتُهُۥ زَادَتْهُمْ إِيمَٰنًۭا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир.

Чин мўминлар шундай зотлардирки, Аллоҳ таоло ёдга олинса, қалблари титраб, бутун вужудлари тоатга эгилади. Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганида эса улар ҳақида тадаббур қилиб, иймонларига иймон қўшилади. Фойдани жалб қилишда ҳам, зарарни даф этишда ҳам ёлғиз Парвардигоригагина суянадилар.

3

ٱلَّذِينَ يُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَمِمَّا رَزَقْنَٰهُمْ يُنفِقُونَ

Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир.

Улар ҳар доим намозни ўз вақтида тўкис адо этадилар ҳамда Биз берган ризқдан закотини ҳам, садақасини ҳам берадилар.

4

أُو۟لَٰٓئِكَ هُمُ ٱلْمُؤْمِنُونَ حَقًّۭا ۚ لَّهُمْ دَرَجَٰتٌ عِندَ رَبِّهِمْ وَمَغْفِرَةٌۭ وَرِزْقٌۭ كَرِيمٌۭ

Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор.

Мана шу сифатларга эга бўлганлар чин мўминлардир. Чунки уларда иймон ва Ислом хислатлари мужассам. Уларнинг мукофоти Парвардигори ҳузуридаги олий мақом, гуноҳларининг кечирилиши ва мўл ризқдир. Аллоҳ уларга ана шундай неъматларни тайёрлаб қўйган.

5

كَمَآ أَخْرَجَكَ رَبُّكَ مِنۢ بَيْتِكَ بِٱلْحَقِّ وَإِنَّ فَرِيقًۭا مِّنَ ٱلْمُؤْمِنِينَ لَكَٰرِهُونَ

Албатта, бу ҳолат, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмаган бўлсалар ҳам, Роббинг сени ҳақ ила уйингдан чиқарганга ўхшайди. (Яъни, уйингдан Бадрга уруш қилиш учун чиқарганга ўхшайди. Ушбу икки иш - ўлжани бўлиш ва ғазотга чиқишнинг бир-бирига ўхшашликлари бор. Ўлжа тақсимоти бир гуруҳ мўминларга ёқмаганидек урушга чиқиш ҳам баъзи бир мўминларга ёқмаган эди.)

Эй Пайғамбар, Аллоҳ таоло ўлжаларни тақсимлашдаги келишмовчиликларингиз туфайли бу ишни Аллоҳ ва Пайғамбари алайҳиссаломга ўтказиб қўйганидек, мўминлардан бир гуруҳи ёқтирмасалар-да, сизни мушриклар билан жанг қилиш учун Мадинадан чиқишга буюрган эди.

6

يُجَٰدِلُونَكَ فِى ٱلْحَقِّ بَعْدَمَا تَبَيَّنَ كَأَنَّمَا يُسَاقُونَ إِلَى ٱلْمَوْتِ وَهُمْ يَنظُرُونَ

Худди ўзлари кўриб турган ҳолларида ўлимга ҳайдалаётгандек, ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам сен билан баҳслашарлар. (Ҳақ аён бўлгандан кейин ҳам, яъни, уруш бўлиши аён бўлиб қолгандан кейин ҳам. Чунки Абу Суфён карвонни бошқа томонга буриб, соҳил бўйлаб ўтиб кетганининг ва қурайшликлар аскар тортиб келаётганининг аниқ хабари етган эди. Шундай бўлса ҳам, баъзилар биз карвонни қасд қилиб чиққан эдик, урушга тайёр эмасмиз, деб сен билан баҳс қилдилар. Агар урушга борсак, албатта, ўламиз, деб ўйладилар.)

Эй Пайғамбар, мўминларнинг бу тоифаси ҳамма иш аён бўлганидан кейин ҳам мушриклар билан жанг қилиш ҳақида баҳслашадилар. Худди улар ўлимга ҳайдаб кетилаётгандек ва бу ишни ўз кўзлари билан кўриб тургандек. Бунга сабаб улар жанг учун чиқишни ёқтирмагандилар. Чунки улар бу ишга тайёр эмас эдилар.

7

وَإِذْ يَعِدُكُمُ ٱللَّهُ إِحْدَى ٱلطَّآئِفَتَيْنِ أَنَّهَا لَكُمْ وَتَوَدُّونَ أَنَّ غَيْرَ ذَاتِ ٱلشَّوْكَةِ تَكُونُ لَكُمْ وَيُرِيدُ ٱللَّهُ أَن يُحِقَّ ٱلْحَقَّ بِكَلِمَٰتِهِۦ وَيَقْطَعَ دَابِرَ ٱلْكَٰفِرِينَ

Ўшанда Аллоҳ сизга икки тоифадан бири албатта, сизники бўлишини ваъда қилган эди. Сизлар шавкати йўғи сизларники бўлишини суяр эдингиз. Аллоҳ эса, Ўз калималари ила ҳақни ҳақ қилишни ва кофирларнинг думини қирқишни ирода қилган эди. (Яъни, Бадр томон юрган вақтингизда, икки тоифадан бири–ёки Абу Суфённинг карвони ёки Қурайш лашкарлари сизники бўлишини Аллоҳ ваъда қилган эди.)

Эй тортишаётган мўминлар, эслангиз! Аллоҳ сизларга икки тоифадан бирини, яъни, ё мол-дунё ортиб кетаётган карвонни ўлжа қилиб олишни ёки келаётган душман билан жанг қилиб, уларни тор-мор этишни ваъда қилганди. Шунда сизлар жангсиз, осон, енгил бўлгани учун карвонни босиб олишни танлаган эдингиз. Аллоҳ эса сизларни жанг қилишга буюриб, ҳақни қарор топтиришни истади. Токи, мушриклар билан жанг қилиб, улардан кўпини асир олинглар ва шу билан Ислом қуввати намоён бўлсин.

8

لِيُحِقَّ ٱلْحَقَّ وَيُبْطِلَ ٱلْبَٰطِلَ وَلَوْ كَرِهَ ٱلْمُجْرِمُونَ

Жиноятчилар ёқтирмасалар ҳам, ҳақни ҳақ, ботилни ботил қилиш учун шундай бўлишини ирода қилган эди.

Ислом ва мусулмонларни ғолиб этиб, ҳақни қарор топтириш ҳамда қатъий ҳужжатлар ила ноҳақнинг ноҳақлигини асослаб бериш учун гарчи мушрикларга ёқмаса-да, Аллоҳ шу ишни қилди.

9

إِذْ تَسْتَغِيثُونَ رَبَّكُمْ فَٱسْتَجَابَ لَكُمْ أَنِّى مُمِدُّكُم بِأَلْفٍۢ مِّنَ ٱلْمَلَٰٓئِكَةِ مُرْدِفِينَ

Ўшанда Роббингиздан мадад сўраганингизда, сизни (сўровингизни) ижобат қилиб: «Албатта, мен сизларга кетма-кет келадиган мингта фаришта ила мадад берувчиман», деди. (Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мадад учун фаришталарни юборганлиги ҳақида мавзуларда энг ишончли манба Қуръони Карим ва ҳадиси шариф бўлади. Икрима ва Ибн Аббос (р. а.)лардан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Пайғамбар (с. а. в.) Бадр куни:-Мана бу Жиброил отининг бошидан тутиб устида уруш анжомлари билан келмоқда, дедилар.)

Эй мўминлар, эслангиз! Бадр куни Аллоҳдан душманга қарши мадад сўраган пайтингизда, У Зот сизларга ижобат қилиб, кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад беришини айтганди.

10

وَمَا جَعَلَهُ ٱللَّهُ إِلَّا بُشْرَىٰ وَلِتَطْمَئِنَّ بِهِۦ قُلُوبُكُمْ ۚ وَمَا ٱلنَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِندِ ٱللَّهِ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Аллоҳ у(мадад)ни башорат ва қалбларингиз у билан хотиржам бўлиши учунгина қилди. Ғалаба эса, фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Албатта, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир.

Эй мўминлар, сизлар Аллоҳнинг ёрдамчингиз эканидан қувонишингиз ва ғалаба келишига аниқ ишониб, кўнглингиз хотиржам бўлиши учун У Зот сизларга фаришталар билан мадад берди. Ғалаба одам сонининг кўплиги ёки қурол-аслаҳалар ва тайёргарликнинг пухталиги билан эмас, ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳ тарафидан бўлади. Аллоҳ Ўз мулкида Азиздир, Ғолибдир, ҳеч кимса У Зотдан ғолиб бўла олмас. Аллоҳ Ўз шариати ва қадарида ҳар бир ишни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотдир.

Al-Anfaal 8:10Listen in Qur'an →

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.