Карвонни Юсуфга қайтариб олиб келиб, идишларини тафтиш қила бошладилар. Ҳийлани ошкор қилиб қўймаслик учун укасининг идишини тафтиш қилишдан олдин бошқа акаларининг идишларини тафтиш қилдилар. Кейин укасининг идишини тафтиш қилиб, ўлчагични ўша ердан топиб олдилар. Биз Юсуф учун ўлчагични укасининг идишига солиб қўйиш ҳийласини ишлатганимиздек, уни ўзларининг юртларидаги қонун-қоидага кўра қул қилиб олиш ҳийласини ҳам ишлатдик. Подшоҳнинг жазо турида эса бу нарса йўқ бўлиб, унда ўғрига дарра урилар ва товон тўлатилар эди. Лекин ҳар доим Аллоҳ хоҳлагани бўлади. У Зот ҳар ишга Қодир. Биз Ўзимиз истаган банданинг даражасини худди Юсуфдек кўтариб қўяверамиз. Ҳар бир илмли одам устида ундан кўра билимдонроқ бордир. Ҳамма илмлар устида ҳамма-ҳамма нарсани билгувчи Аллоҳнинг илми бордир.