Muslim99Muslim99
← Tafsir library

16. An-Nahl

The Bee · Meccan · 128 ayahs

سُورَةُ النَّحۡلِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 81–90 of 128

81

وَٱللَّهُ جَعَلَ لَكُم مِّمَّا خَلَقَ ظِلَٰلًۭا وَجَعَلَ لَكُم مِّنَ ٱلْجِبَالِ أَكْنَٰنًۭا وَجَعَلَ لَكُمْ سَرَٰبِيلَ تَقِيكُمُ ٱلْحَرَّ وَسَرَٰبِيلَ تَقِيكُم بَأْسَكُمْ ۚ كَذَٰلِكَ يُتِمُّ نِعْمَتَهُۥ عَلَيْكُمْ لَعَلَّكُمْ تُسْلِمُونَ

Аллоҳ сизга Ўзи яратган нарсалардан соялар қилиб қўйди ва сизга тоғлардан бошпаналар, сизларни иссиқдан сақлайдиган кийимлар ва зарбадан сақлайдиган кийимлар қилиб қўйди. Шундай қилиб, У сизларга Ўз неъматини батамом қилиб берди. Шоядки, мусулмон бўлсангиз. (Бу ўринда инсон, айниқса, ушбу ояти карима тушган жой ва вақтнинг одами кундалик ҳаётида муҳтож бўлиб турадиган Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гап кетмоқда.)

Аллоҳ сизларга дарахтлардан, бинолардан соялар қилиб бердики, уларнинг соясида иссиқдан сақланасизлар. Тоғлардаги ғорлардан, унгурлардан бошпаналар қилиб бердики, у ерларда совуқдан, иссиқдан ва душмандан ҳимояланасизлар. Сизларга пахта ва бошқа нарсалардан сизларни иссиқдан асрайдиган кийимлар, жанглардаги зарбалардан мудофаа қиладиган совутлар қилиб берди. У Зот сизларга Ўз неъматини мана шундай тўла қилиб беради. Шоядки, ёлғиз Аллоҳга бўйсуниб, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмасангизлар.

82

فَإِن تَوَلَّوْا۟ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ ٱلْبَلَٰغُ ٱلْمُبِينُ

Агар юз ўгириб кетсалар, бас, сенинг зиммангда очиқ-ойдин етказиб қўйиш, холос.

Энди агар улар иймондан, сиз олиб келган ҳақни тасдиқ этишдан юз ўгирсалар, бас, эй Пайғамбар, сизнинг вазифангиз очиқ етказиб қўйиш, холос. Уларни ҳидоят қилиш сизнинг бурчингиз эмас.

83

يَعْرِفُونَ نِعْمَتَ ٱللَّهِ ثُمَّ يُنكِرُونَهَا وَأَكْثَرُهُمُ ٱلْكَٰفِرُونَ

Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир. (Аллоҳнинг неъматини била туриб инкор қилган киши аниқ кофир бўлади.)

Мушриклар Аллоҳ уларга ато этган неъматларни биладилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб юборилиши ҳам ўша неъматлардан бири эканини ҳам биладилар. Кейин эса неъматларга шукр қилиш ўрнига нонкўрлик қиладилар, пайғамбарини ёлғончига чиқарадилар. Уларнинг кўплари яхшиликни билмайдиган нонкўрлардир.

84

وَيَوْمَ نَبْعَثُ مِن كُلِّ أُمَّةٍۢ شَهِيدًۭا ثُمَّ لَا يُؤْذَنُ لِلَّذِينَ كَفَرُوا۟ وَلَا هُمْ يُسْتَعْتَبُونَ

Ҳар бир умматдан гувоҳ келтирган кунимизда, сўнгра куфр келтирганларга (узр учун) изн ҳам берилмас ва улар итобга ҳам қайтарилмаслар. (Қиёматда Аллоҳ таоло ўтган умматлардан ҳар бирига ўзининг Пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. Кўпчилик олдида ҳамма нарса аён бўлади. Шармандаси чиққан кофирлар, узр айтмоқчи бўладилар. Аммо узр айтишга изн берилмайди. Улар ҳаёти дунёга яна қайтарилишларини, итобдан сўнг яхши ишлари қилишларига имкон берилишини сўрайдилар. Унга ҳам изн берилмайди.)

Эй Пайғамбар, эсланг. Аллоҳ ҳар бир умматдан ўзининг пайғамбарини гувоҳ қилиб келтиради. У мўминнинг мўминлигига ва кофирнинг кофирлигига гувоҳ бўлади. Шундан кейин кофирнинг узр айтишига имкон берилмайди. Дунёга қайтиб, Парвардигорини рози қиладиган ишларни қилиб олишига ҳам рухсат бўлмайди. Охират амал диёри эмас, ҳисоб диёридир.

85

وَإِذَا رَءَا ٱلَّذِينَ ظَلَمُوا۟ ٱلْعَذَابَ فَلَا يُخَفَّفُ عَنْهُمْ وَلَا هُمْ يُنظَرُونَ

Зулм қилганлар азобни кўрган вақтларида, улардан у енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас.

Мушрик золимлар азобни ўз кўзлари билан кўришгач, улардан азоб енгиллатилмайди. Уларга ҳеч қандай муҳлат ҳам берилмайди. Дўзахга кирадилар ва у ерда абадий қоладилар.

86

وَإِذَا رَءَا ٱلَّذِينَ أَشْرَكُوا۟ شُرَكَآءَهُمْ قَالُوا۟ رَبَّنَا هَٰٓؤُلَآءِ شُرَكَآؤُنَا ٱلَّذِينَ كُنَّا نَدْعُوا۟ مِن دُونِكَ ۖ فَأَلْقَوْا۟ إِلَيْهِمُ ٱلْقَوْلَ إِنَّكُمْ لَكَٰذِبُونَ

Ва ширк келтирганлар ўзларининг «шерик»ларини кўрган чоғларида: «Эй Роббимиз, анавилар бизнинг Сендан ўзга ибодат қилган «шерик»ларимиз», дерлар. Бас, у(шерик)лар буларга: «Албатта, сизлар ёлғончидирсизлар», деб сўз ташларлар. ( Бу дунёда Аллоҳни тан олмасдан қиёматга келиб, Аллоҳга «Эй Роббимиз» деб мурожаат, илтижо қиладиган бўлиб қолибдилар. Авваллар бошқани Роббимиз деб юрганлар энди ўша Роббиларини «анавилар» дейдиган бўлиб қолишибди. Ўша «анавилар» уларни адаштириб ўзига ибодат қилдирганлигини юзларига солдилар.)

Охиратда мушриклар ўзларининг бутларини кўриб: "Парвардигоро, анавилар бутларимиз эди, Сени қўйиб, ўшаларга ибодат қилардик", дейдилар. Шу билан ўзларининг гуноҳларини уларнинг бўйнига юкламоқчи бўладилар. Шунда Аллоҳ ўша бутларга тил ато этади ва улар: "Эй мушриклар, сизлар ёлғончиларсиз, Аллоҳнинг ҳеч қандай шериги йўқ", дея раддия билдирадилар.

87

وَأَلْقَوْا۟ إِلَى ٱللَّهِ يَوْمَئِذٍ ٱلسَّلَمَ ۖ وَضَلَّ عَنْهُم مَّا كَانُوا۟ يَفْتَرُونَ

Ўшал кунда у(мушрик)лар Аллоҳга таслим бўлурлар ва уйдириб юрган нарсалари ботил бўлур. (Охиратда буту санамларимиз бизга шафоатчи бўлур, дея ўзларича тўқиб чиқарган умидлари ботил бўлади.)

Мушриклар таслим бўлиб, ёлғиз Аллоҳга бўйсундилар. Ўзлари тўқиб олган ва Аллоҳнинг олдида бизни шафоат қилади, деб даъво қилган бутлари эса гумдон бўлдилар.

88

ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ وَصَدُّوا۟ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِ زِدْنَٰهُمْ عَذَابًۭا فَوْقَ ٱلْعَذَابِ بِمَا كَانُوا۟ يُفْسِدُونَ

Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик. (Кофирлик ёмон фасоддир. Одамларни Аллоҳнинг динидан тўсиш ундан ҳам ёмонроқ фасод саналади.)

Ўзи Аллоҳга куфр келтириб, бошқаларни У Зотнинг йўлидан тўсган кимсаларга, ўзи ҳам адашиб, бошқаларни ҳам адаштириб, фисқ-фасод қилиб юрганлари учун азоб устига азобни зиёда қилдик. Улар ўзи шунга лойиқ бўлиб қолдилар.

89

وَيَوْمَ نَبْعَثُ فِى كُلِّ أُمَّةٍۢ شَهِيدًا عَلَيْهِم مِّنْ أَنفُسِهِمْ ۖ وَجِئْنَا بِكَ شَهِيدًا عَلَىٰ هَٰٓؤُلَآءِ ۚ وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ ٱلْكِتَٰبَ تِبْيَٰنًۭا لِّكُلِّ شَىْءٍۢ وَهُدًۭى وَرَحْمَةًۭ وَبُشْرَىٰ لِلْمُسْلِمِينَ

Ҳар бир умматга ўзидан гувоҳ олиб келган кунимизда сени анавиларга (умматингга) гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга китобни ҳар бир нарсани баён қилувчи этиб, мусулмонларга ҳидоят, раҳмат ва хушхабар қилиб нозил этдик. (Яъни, қиёмат куни ҳар бир умматга Пайғамбарини гувоҳ этганимиздек, сени ҳам умматингга гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Қуръони Каримни нозил қилишдан мақсад ҳар бир нарсани баён қилиб беришдир. Қуръон мўминлар учун Аллоҳнинг раҳматидир, мусулмонлар учун ҳидоятдир. Қуръони Карим мўминлар учун хушхабардир, уларга иймонлари орқасидан келадиган яхшиликлар хушхабарини беради.)

Эй Пайғамбар, эсланг! Қиёмат куни ҳар бир умматга қилиб ўтган куфр ёки иймонларига гувоҳлик берадиган бир гувоҳ келтирамиз. У ўзларидан бўлган, ўзларининг тилида гапирадиган бир пайғамбар бўлади. Эй Пайғамбар, сизни эса ҳамма умматларга гувоҳ қиламиз. Сизга Қуръонни ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ каби барча зарур нарсаларнинг, ишларнинг баёни этиб, одамларни ҳақ сари бошлайдиган ҳидоят этиб, иймон келтириб, яхши амаллар қилганлар учун раҳмат этиб, мўминларга охиратдаги неъматлар ҳақидаги хушхабар этиб нозил қилдик.

90

۞ إِنَّ ٱللَّهَ يَأْمُرُ بِٱلْعَدْلِ وَٱلْإِحْسَٰنِ وَإِيتَآئِ ذِى ٱلْقُرْبَىٰ وَيَنْهَىٰ عَنِ ٱلْفَحْشَآءِ وَٱلْمُنكَرِ وَٱلْبَغْىِ ۚ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз. (Абдуллоҳ ибн Масъуддан (р. а.) қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», дейдилар. Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Ҳамма учун ўлчов бир. «Эҳсон»яхшилик қилиш маъносини англатади. Исломда унинг эшиги кенг очилган. «Фаҳш» сўзининг луғавий маъноси ҳаддан ошишликдир. Лекин урфда кишилар номусига тааллуқли жиноятлар тушунилади. «Мункар» деганда, инсоннинг соф табиати инкор қиладиган ишлар кўзда тутилади. Буни, албатта, шариат ҳам инкор этади. «Зулмкорлик» эса, ҳаққа тажовуз қилиш ва адолатни бузишдир. Дарҳақиқат, булар эслашга арзигулик ваъз-насиҳатдир.)

Аллоҳ бандаларини адолатга буюради. Банда ўзининг устидаги Аллоҳнинг ҳақларини ҳам, бандаларнинг ҳақларини ҳам адо этсин. Ҳукм чиқаришда бировни бировдан ноҳақ афзал кўрмасин. Аллоҳ бандаларини эзгуликка буюради. Банда ўзининг вазифаси бўлмаган инфоқ-эҳсонни ҳам олийжаноблик ила адо этсин, золимни кечирсин. Аллоҳ бандаларини қариндошларга яхшилик қилишга буюради. Банда қариндошларининг ҳожатини чиқарсин. Ҳамма манфур ишлардан, у хунук гап бўладими ёки зино каби ёмон иш бўладими, ҳаммасидан қайтаради. Шариат тақиқлаган ишлар - гуноҳлардан ҳам қайтаради. Одамларга мутакаббирлик ила зулму зўравонлик қилишдан ҳам қайтаради. Аллоҳ сизларга шу фармонлари ва тақиқлари билан насиҳат қиляпти. Шоядки, ибрат олсангизлар.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.