Muslim99Muslim99
← Tafsir library

16. An-Nahl

The Bee · Meccan · 128 ayahs

سُورَةُ النَّحۡلِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 41–50 of 128

41

وَٱلَّذِينَ هَاجَرُوا۟ فِى ٱللَّهِ مِنۢ بَعْدِ مَا ظُلِمُوا۟ لَنُبَوِّئَنَّهُمْ فِى ٱلدُّنْيَا حَسَنَةًۭ ۖ وَلَأَجْرُ ٱلْءَاخِرَةِ أَكْبَرُ ۚ لَوْ كَانُوا۟ يَعْلَمُونَ

Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал (жойга) жойлаштирурмиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар.

Кофирларнинг тазйиқи ва қийноқларига йўлиққанларидан кейин уй-жойларию мол-давлатларини ташлаб, Аллоҳнинг ризоси йўлида куфр диёридан Ислом диёрига ҳижрат қилганларга шу дунёда ҳам яхши жойлар ато этамиз ва у жойларда азиз бўлиб юрадилар. Охират савоби эса буюкроқдир. Чунки унинг ичида жаннат ҳам бор. Ҳижрат қилмаганлар муҳожирларнинг савоби қанчалар бўлишини билганларида эди, бу ишни четга сурмаган бўлардилар.

42

ٱلَّذِينَ صَبَرُوا۟ وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

Улар сабр қилган ва Роббиларига таваккал қилганлардир. (Муҳожирлар ана ўша қийинчиликларга, машаққатларга, азоб-уқубатларга сабр қилган улуғ кишилардир. Улар Аллоҳнинг розилиги учун сабр қилган ва бу аснода фақат Роббиларига таваккал этган ҳамда фақат Унгагина суянган зотлардир.)

Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган ўша муҳожирлар қавмининг озорларига, ватан фироқига, Аллоҳга итоат қилиш йўлидаги машаққатларга сабр қиладиган, ҳамма ишларида ёлғиз Аллоҳгагина таянадиган зотлардир. Шунинг учун Аллоҳ уларга мана шу буюк мукофотни ато этди.

43

وَمَآ أَرْسَلْنَا مِن قَبْلِكَ إِلَّا رِجَالًۭا نُّوحِىٓ إِلَيْهِمْ ۚ فَسْـَٔلُوٓا۟ أَهْلَ ٱلذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

Биз сендан олдин ҳам фақат эр кишиларни юбориб, уларга ваҳий қилганмиз. Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз.

Эй Пайғамбар, сиздан олдин ҳам фаришталарни (ёки аёлларни) эмас, фақат эркакларни пайғамбар қилиб юборганмиз ва уларга ваҳий қилганмиз. Бизнинг умумий қонуниятимиз мана шу. Буни инкор қиладиган бўлсангизлар, олдинги ўтган аҳли китоблардан сўранглар. Ўшалар сизларга пайғамбарлар фаришта эмас, одам бўлганини айтиб берадилар.

44

بِٱلْبَيِّنَٰتِ وَٱلزُّبُرِ ۗ وَأَنزَلْنَآ إِلَيْكَ ٱلذِّكْرَ لِتُبَيِّنَ لِلنَّاسِ مَا نُزِّلَ إِلَيْهِمْ وَلَعَلَّهُمْ يَتَفَكَّرُونَ

Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар. (Қуръони Каримнинг исмларидан бири «зикр» эканини бошқа жойларда ҳам айтиб ўтган эдик. Ушбу оят ҳам уни «зикр» деб атамоқда. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сени эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр–Қуръон ила юбордик.)

Биз ўша инсон пайғамбарларни очиқ ҳужжатлар ва нозил қилинган китоблар билан юбордик. Эй Пайғамбар, сизга эса одамларга тушунмаган нарсаларини тушунтириб беришингиз учун Қуръонни нозил қилдик. Шоядки, улар фикр юритиб, унинг ичида маънолардан ибрат олсалар.

45

أَفَأَمِنَ ٱلَّذِينَ مَكَرُوا۟ ٱلسَّيِّـَٔاتِ أَن يَخْسِفَ ٱللَّهُ بِهِمُ ٱلْأَرْضَ أَوْ يَأْتِيَهُمُ ٱلْعَذَابُ مِنْ حَيْثُ لَا يَشْعُرُونَ

Макр ила ёмонликлар қилганлар, Аллоҳ уларни ерга ютқазиб юборишидан ёки уларга кутмаган томонларидан азоб келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?!

Аллоҳнинг йўлидан тўсиш учун ёвуз найрангларни қилганлар Аллоҳнинг амри ила уларни худди Қорундек ер ютиб юборишидан ёки уларга кутмаган тарафларидан азоб келишидан қўрқмай, хотиржам юрибдиларми?

46

أَوْ يَأْخُذَهُمْ فِى تَقَلُّبِهِمْ فَمَا هُم بِمُعْجِزِينَ

Ёхуд уларни ҳаракатлари асносида олишидан, улар У зотни ожиз қолдирувчи бўла олмасликларидан хотиржаммилар?! (Агар Аллоҳ хоҳласа, уларни ҳаракатда бўлиб, шаҳарма-шаҳар кезиб, сайру саёҳат ёки бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрганларида ҳам олаверади. Аллоҳни ожиз қолдириб қочиб қутула билмайдилар. Нимага ишониб кофир ҳолида юрибдилар?)

Ёки азоб уларга сафарларидами, тирикчилик пайида юрган пайтларидами, тўсатдан келиб қолишидан, кейин эса ўзларини қутқара олмай қолишларидан қўрқмай, хотиржам юрибдиларми?

47

أَوْ يَأْخُذَهُمْ عَلَىٰ تَخَوُّفٍۢ فَإِنَّ رَبَّكُمْ لَرَءُوفٌۭ رَّحِيمٌ

Ёки У зот уларни хавфсираб турган ҳолларида ҳам олишидан (хотиржаммилар?!). Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир.

Ёки Аллоҳнинг азоби қилғилиқни қилиб қўйиб, энди унинг оқибатидан қўрқиб турганларида тўсатдан келиб қолишидан қўрқмай хотиржам юрибдиларми? Аллоҳ уларни жазолашга ҳар доим Қодир. Лекин Парвардигорингиз Меҳрибон Зот. Жазони тезлаштирмайди. Тавба қилиб олишларига, муҳлат, имкон беради.

48

أَوَلَمْ يَرَوْا۟ إِلَىٰ مَا خَلَقَ ٱللَّهُ مِن شَىْءٍۢ يَتَفَيَّؤُا۟ ظِلَٰلُهُۥ عَنِ ٱلْيَمِينِ وَٱلشَّمَآئِلِ سُجَّدًۭا لِّلَّهِ وَهُمْ دَٰخِرُونَ

Ахир улар Аллоҳ яратган ҳар бир нарсанинг соялари ўнгга, чапга мойил бўлиб, Аллоҳга сажда қилиб ётганини ва улар бўйсунувчи эканини кўрмайдиларми?! (Барча мавжудотларнинг Аллоҳ жорий этган қонун-қоидаларга бўйсунишларини ушбу ояти карима, Аллоҳга сажда қилиш, деб таърифламоқда.)

Анави ҳақни тан олмаётганлар Аллоҳнинг махлуқотлари ҳақида фикр юритмайдилармики, уларнинг соялари қуёшнинг ҳаракатига қараб ўнгу сўлга мойил бўлади, кечаси эса ойга қараб ўзгаради. Ҳаммалари Парвардигорларига ҳақиқий сажда қилиб, эгилиб турадилар.

49

وَلِلَّهِ يَسْجُدُ مَا فِى ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَمَا فِى ٱلْأَرْضِ مِن دَآبَّةٍۢ وَٱلْمَلَٰٓئِكَةُ وَهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ

Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар. Улар мутакаббирлик қилмаслар.

Осмонлару ердаги ҳар бир жонзот ёлғиз Аллоҳга сажда қилади. Фаришталар ҳам фақат У Зотга сажда қиладилар. Улар Аллоҳга бандалик қилишдан, итоат этишдан ўзларини катта олмайдилар.

50

يَخَافُونَ رَبَّهُم مِّن فَوْقِهِمْ وَيَفْعَلُونَ مَا يُؤْمَرُونَ ۩

Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар.

Улар тинимсиз тоат-ибодатда бўлишларига қарамасдан, Ўз Зоти, қаҳри ва салтанати ила уларнинг устида бўлган Парвардигорларидан қўрқадилар ҳамда У Зот буюрган ишларнигина бажарадилар.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.