Muslim99Muslim99
← Tafsir library

13. Ar-Ra'd

The Thunder · Medinan · 43 ayahs

سُورَةُ الرَّعۡدِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 31–40 of 43

31

وَلَوْ أَنَّ قُرْءَانًۭا سُيِّرَتْ بِهِ ٱلْجِبَالُ أَوْ قُطِّعَتْ بِهِ ٱلْأَرْضُ أَوْ كُلِّمَ بِهِ ٱلْمَوْتَىٰ ۗ بَل لِّلَّهِ ٱلْأَمْرُ جَمِيعًا ۗ أَفَلَمْ يَا۟يْـَٔسِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓا۟ أَن لَّوْ يَشَآءُ ٱللَّهُ لَهَدَى ٱلنَّاسَ جَمِيعًۭا ۗ وَلَا يَزَالُ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ تُصِيبُهُم بِمَا صَنَعُوا۟ قَارِعَةٌ أَوْ تَحُلُّ قَرِيبًۭا مِّن دَارِهِمْ حَتَّىٰ يَأْتِىَ وَعْدُ ٱللَّهِ ۚ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُخْلِفُ ٱلْمِيعَادَ

Агар Қуръон ила тоғлар жилдириладиган, ер парчаланадиган ёки ўликлар тилга киритиладиган бўлганида (имкони бор эди). Аммо ишнинг барчаси Аллоҳга хосдир. Иймон келтирганлар, агар Аллоҳ хоҳласа, одамларнинг ҳаммасини ҳидоят қила олишини билмадиларми? Куфр келтирганларга то Аллоҳнинг ваъдаси келгунча ўз ишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас. (Қуръоннинг иши ҳам Аллоҳга хосдир. Аллоҳ Қуръонни одамларга хитоб этиш учун, уларнинг қалбларига таъсир ўтказиш учун нозил этди. Бу билан эса, тоғларни жойидан жилдиришдан, ерни парчалашдан ёки ўликларни тилга киритишдан кўра улканроқ ишлар қилинди. Бутун дунё халқларининг тарихи жойидан жилдирилди, қалбларидаги, фикрлардаги тошлар, музлар парчаланди ва халқларнинг руҳига жон кирди.)

Агар илоҳий китоблардан бирида тоғларни жойидан жилдириш ё ерни ёриш ёки ўликни тирилтириш каби сифатлар бўлганида ўша китоб ҳам мана шу Қуръон бўлар эди. Эй Пайғамбар, агар улар софдил тақводорлар бўлганида Қуръондан таъсирланган ва унинг ёрқин ҳужжатларини тан олган бўлар эдилар. Лекин улар ҳақни тан олмайдиган нонкўрлардир. Ҳамма ишлар Аллоҳнинг Қўлидадир. Истаса, мўъжизалар нозил қилади, истамаса йўқ. Мўминлар Аллоҳ истаса, ҳеч қандай мўъжизалар нозил қилмасдан ҳам ҳамма одамларни ҳидоятга бошлаши мумкинлигини билмайдиларми? Лекин Аллоҳ буни истамади. Кофирларга куфри ва гуноҳлари касофатидан бало-офатлар етаверади, диёрларига яқин жойларга кулфатлар ёғаверади. Бу иш то Аллоҳнинг узлуксиз азоби тушиши ҳақидаги ваъдаси келгунига қадар давом этади. Аллоҳ ваъда қилган иш ўз вақтида аниқ амалга ошади. Аллоҳ уни амалга оширмай қўймайди.

32

وَلَقَدِ ٱسْتُهْزِئَ بِرُسُلٍۢ مِّن قَبْلِكَ فَأَمْلَيْتُ لِلَّذِينَ كَفَرُوا۟ ثُمَّ أَخَذْتُهُمْ ۖ فَكَيْفَ كَانَ عِقَابِ

Батаҳқиқ, сендан олдин ҳам Пайғамбарлар масхара қилинганлар. Бас, куфр келтирганларга муҳлат бердим. Сўнгра, уларни ушладим. Бас, иқобим қандоқ бўлган эди?!

Эй Пайғамбар, қавми тарафидан масхара қилинган биринчи пайғамбар эмассиз. Сиздан олдин ҳам пайғамбарлар ёлғончига чиқарилганлар, масхара қилинганлар. Ўша пайтдаги кофирларга бироз муҳлат берганман. Улар Мени ҳалок қилмайди, деб ўйлаб қолганлар. Кейин эса уларни турли хил азобларга гирифтор қилганман. Азобим қандай бўлганини кўрсангиз эди! У жуда қаттиқ азоб бўлганди.

33

أَفَمَنْ هُوَ قَآئِمٌ عَلَىٰ كُلِّ نَفْسٍۭ بِمَا كَسَبَتْ ۗ وَجَعَلُوا۟ لِلَّهِ شُرَكَآءَ قُلْ سَمُّوهُمْ ۚ أَمْ تُنَبِّـُٔونَهُۥ بِمَا لَا يَعْلَمُ فِى ٱلْأَرْضِ أَم بِظَٰهِرٍۢ مِّنَ ٱلْقَوْلِ ۗ بَلْ زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا۟ مَكْرُهُمْ وَصُدُّوا۟ عَنِ ٱلسَّبِيلِ ۗ وَمَن يُضْلِلِ ٱللَّهُ فَمَا لَهُۥ مِنْ هَادٍۢ

Ҳар бир жоннинг қилган касби устидан турувчи зот ким? Аллоҳга ширк келтирдилар. Сен: «Уларнинг номларини айтинг. Ёки Унга ер юзида У билмайдиган нарсанинг хабарини берасизларми? Балки, юзаки гапдир», дегин. Йўқ, куфр келтирганларга макрлари зийнатлаб кўрсатилди ва улар йўлдан тўсилдилар. Аллоҳ кимни залолатга кетказса, унга ҳеч бир ҳидоятчи бўлмас. (Демак, гап бошқа ёқда экан. Кофирларнинг дину диёнатга қарши қилаётган макр-ҳийлалари уларга зийнатлаб кўрсатилибди. Улар, бу қилаётган ишимиз тўғри ва гўзалдир, деб ўйладилар. Макр-ҳийлаларида давом этавердилар. Оқибатда эса, Аллоҳнинг йўлидан тўсилдилар. Залолатга кетдилар.)

Маъбудликка барча махлуқотларни ризқ билан таъминлайдиган, ҳамманинг қилаётган ишини кузатиб турадиган ва амалига яраша жазо ё мукофотини берадиган Зот ҳақлироқми ёки қўлидан ҳеч иш келмайдиган бутларми? Кофирлар зулм ва бўҳтон ила Аллоҳга бошқаларни шерик қилдилар. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: "Даъвойингиз рост бўлса, ибодат қилаётганингиз бутларнинг номини айтинглар-чи. Ёки сизлар ер юзида Аллоҳга билмаган нарсаси ҳақида хабар берасизларми? Ёки У Зотга асли бўлмаган сохта гапни айтасизларми? Асло! Шайтон кофирларга ёвуз ишларини чиройли қилиб кўрсатди. Шу билан улар Аллоҳга куфр келтирдилар ва одамларни рушду ҳидоят йўлидан тўсидилар. Аллоҳ кимни тўғри йўлдан адаштириб қўйган бўлса, энди уни ҳиоятга бошлайдиган одам топилмас.

34

لَّهُمْ عَذَابٌۭ فِى ٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا ۖ وَلَعَذَابُ ٱلْءَاخِرَةِ أَشَقُّ ۖ وَمَا لَهُم مِّنَ ٱللَّهِ مِن وَاقٍۢ

Уларга бу дунё ҳаётида азоб бор. Албатта, охират азоби машаққатлироқ. Улар учун Аллоҳдан сақловчи бўлмас.

Уларга шу дунёда ҳам ўлим, мўминлар қўлига асир тушиш каби азоблар бўлади. Уларни кутиб турган охират азоби эса дунё азобидан қаттиқроқ ва оғирроқ бўлиб, тўхтамасдан давом этаверади. Қиёмат куни уларни Аллоҳнинг азобидан ҳимоя қиладиган бирон ёрдамчи бўлмас.

35

۞ مَّثَلُ ٱلْجَنَّةِ ٱلَّتِى وُعِدَ ٱلْمُتَّقُونَ ۖ تَجْرِى مِن تَحْتِهَا ٱلْأَنْهَٰرُ ۖ أُكُلُهَا دَآئِمٌۭ وَظِلُّهَا ۚ تِلْكَ عُقْبَى ٱلَّذِينَ ٱتَّقَوا۟ ۖ وَّعُقْبَى ٱلْكَٰفِرِينَ ٱلنَّارُ

Тақводорларга ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (будир): остидан анҳорлар оқади, мевалари ва соялари доимийдир. Бу тақво қилганларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса, дўзахдир.

Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилган кишиларга ваъда қилинган жаннатнинг тавсифи шуки, ундаги қасрлар ва дарахтлар остидан анҳорлар оқиб ўтади. Мевалари бу дунёнинг меваларига ўхшаб тугаб қолмайди. Соялари ҳам ҳеч қачон ғойиб бўлмайди. Бу Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилган зотларнинг оқибатидир. Кофирларнинг оқибати эса дўзах бўлиб, унда абадий қоладилар.

36

وَٱلَّذِينَ ءَاتَيْنَٰهُمُ ٱلْكِتَٰبَ يَفْرَحُونَ بِمَآ أُنزِلَ إِلَيْكَ ۖ وَمِنَ ٱلْأَحْزَابِ مَن يُنكِرُ بَعْضَهُۥ ۚ قُلْ إِنَّمَآ أُمِرْتُ أَنْ أَعْبُدَ ٱللَّهَ وَلَآ أُشْرِكَ بِهِۦٓ ۚ إِلَيْهِ أَدْعُوا۟ وَإِلَيْهِ مَـَٔابِ

Биз китоб берганлар, сенга нозил қилинган нарсадан хурсанд бўлурлар. Гуруҳлар ичида унинг баъзисини инкор қиладиган кимсалар ҳам бор. Сен: «Албатта, мен Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка амр қилиндим. Унгагина даъват қиламан ҳамда қайтишим ҳам Унгадир«, деб айт.

Эй Пайғамбар, Биз Тавротни берган яҳудийлар ҳам, Биз Инжилни берган насронийлар ҳам сизга нозил қилинган ҳаққа хурсанд бўладилар. Чунки у уларга нозил қилинган ваҳийларнинг айримларига тўғри келади. Яҳудий ва насронийлардан бир тўда бўлиб, ўзларининг ҳавойи нафсларига тўғри келмагани учун сизга нозил қилинган ҳақнинг айрим ўринларини инкор қиладилар. Эй Пайғамбар, уларга айтинг: "Аллоҳ мени ёлғиз Ўзига ибодат қилишимга, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаслигимга буюрган. Ёлғиз Унгагина даъват қиламан, қайтиб борар жойим ҳам ёлғиз Унгадир. Таврот ва Инжил ҳам шуни олиб келган".

37

وَكَذَٰلِكَ أَنزَلْنَٰهُ حُكْمًا عَرَبِيًّۭا ۚ وَلَئِنِ ٱتَّبَعْتَ أَهْوَآءَهُم بَعْدَمَا جَآءَكَ مِنَ ٱلْعِلْمِ مَا لَكَ مِنَ ٱللَّهِ مِن وَلِىٍّۢ وَلَا وَاقٍۢ

Шунингдек, Биз уни арабий ҳукм этиб нозил қилдик. Агар сен ўзингга келган илмдан сўнг уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, сен учун Аллоҳдан на бир дўст ва на бир сақловчи бўлмас.

Эй Пайғамбар, олдинги китобларни ўз қавмининг тилида нозил қилганимиздек, сизга Қуръонни араб тилида ҳақнинг муфассал баёни қилиб нозил қилдик. Эй Пайғамбар, сизга Аллоҳ илм берганидан кейин ҳам аҳли китобларнинг ўзларининг ҳавойи нафсларига тўғри келмайдиган жойларини олиб ташлаш ҳақидаги талабларига рози бўлсангиз, сизга Аллоҳ тарафидан ишларингизни ўнглаб турадиган бир бошқарувчи ҳам, душманларинингиздан ҳимоя қиладиган бир ҳимоячи ҳам, Ўзининг азобидан мудофаа қиладиган бир мудофаачи ҳам бўлмайди.

38

وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًۭا مِّن قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَٰجًۭا وَذُرِّيَّةًۭ ۚ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَن يَأْتِىَ بِـَٔايَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ ٱللَّهِ ۗ لِكُلِّ أَجَلٍۢ كِتَابٌۭ

Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ато қилганмиз. Ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Ҳар бир ажалнинг ўз китоби бордир. (Яъни, сенинг оддий башар бўлишингнинг ажабланадиган жойи йўқ. Биров, бу ўзимизга ўхшаган одам экан, унга иймон келтирмайман, агар фаришта бўлганида иймон келтирар эдим, дейишга ҳаққи йўқ. Биз доимо оддий одамларни Пайғамбар қилиб келганмиз, фаришталарни эмас. Ўша сендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг ҳам сенга ўхшаб оиласи, бола-чақалари бўлган.)

Эй Пайғамбар, сиздан олдин ҳам пайғамбарлар юборганмиз. Сиз биринчиси эмассиз. Уларга ҳам худди одамлардек жуфтлар, болалар ато этганмиз. Уларни уйланмайдиган, бола кўрмайдиган фаришталар қилиб қўймаганмиз. Сиз ҳам ўшаларнинг бирисиз. Шундай экан, нега мушриклар сизнинг одам эканингиздан ажабланадилар? Аллоҳнинг изнисиз бирон пайғамбарнинг ўзича бирон оят-мўъжиза келтиришга ҳаққи бўлмаган. Аллоҳ ҳукм қилиб қўйган ҳар бир ишнинг ўз ёзиғи ва ўз муддати бордирки, ўша ёзиғдан, ўша муддатдан қилча ҳам ўзгармайди.

39

يَمْحُوا۟ ٱللَّهُ مَا يَشَآءُ وَيُثْبِتُ ۖ وَعِندَهُۥٓ أُمُّ ٱلْكِتَٰبِ

Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она китоб Унинг даргоҳидадир. (Дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси ва бошқа нарсалар ёзилган она китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир.)

Яхшилик ё ёмонлик бўладими, бахт ё бахтсизлик бўладими, Аллоҳ хоҳлаганини ёзади, хоҳлаганини ўчиради. Лавҳул-Маҳфуз Унинг Қўлидадир. Ҳамма-ҳамма ишларнинг манбаи ўша Китобдир. Ҳар бир ўчирилган ё ёзилган иш унга қараб бўлади.

40

وَإِن مَّا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ ٱلَّذِى نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ ٱلْبَلَٰغُ وَعَلَيْنَا ٱلْحِسَابُ

Уларга ваъда қилганимизнинг баъзисини сенга кўрсатармиз ёки сени (ундан олдин) вафот этдираримз. Албатта, етказиш сенинг зиммангда, ҳисоб қилиш Бизнинг зиммамиздадир.

Эй Пайғамбар, уларга ваъда қилганимиз азобни сизнинг ҳаётлик пайтингизда кўрсатамизми ёки уни кўрсатишдан олдин сизни вафот этдирамизми, фарқи йўқ, сизнинг устингиздаги вазифа етказиб қўйиш, холос. Биз зиммангизга фақат шу вазифани юклаганмиз. Улардан ҳисоб олиш, уларнинг жазо ё мукофотларини бериш сизнинг вазифангизга кирмайди. У ёғи Бизнинг ишимиздир.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.