Muslim99Muslim99
← Tafsir library

13. Ar-Ra'd

The Thunder · Medinan · 43 ayahs

سُورَةُ الرَّعۡدِ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 21–30 of 43

21

وَٱلَّذِينَ يَصِلُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ وَيَخَافُونَ سُوٓءَ ٱلْحِسَابِ

Улар Аллоҳ боғланишига амр этган нарсани боғларлар, Роббиларидан чўчирлар ва ёмон ҳисобдан қўрқарлар. (Бу ишларнинг бошида «силайи раҳм»–қариндошлик алоқаларини боғлаш, уларга яхшилик қилиш туради. Шунингдек, бева-бечора, етим-есир ва барча муҳтожларга, бутун мавжудодга яхшилик қилишлик мусулмон инсонга вазифа қилиб юклатилгандир.)

Улар Аллоҳ буюрганини қилиб, қариндош-уруғчилик ришталарини боғлайдилар. Аллоҳдан қўрқиб, буйруқларини бажарадилар, тақиқларидан тийиладилар. Аллоҳ қилган гуноҳлари учун ҳисобга тутишидан хавфсираб юрадилар. Ҳисоб-китобда талашган одам ҳалокатга учраши муқаррар.

22

وَٱلَّذِينَ صَبَرُوا۟ ٱبْتِغَآءَ وَجْهِ رَبِّهِمْ وَأَقَامُوا۟ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنفَقُوا۟ مِمَّا رَزَقْنَٰهُمْ سِرًّۭا وَعَلَانِيَةًۭ وَيَدْرَءُونَ بِٱلْحَسَنَةِ ٱلسَّيِّئَةَ أُو۟لَٰٓئِكَ لَهُمْ عُقْبَى ٱلدَّارِ

Улар Роббилари юзини кўзлаб, сабр қиларлар. Намозни тўкис адо этарлар, Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан махфий ва ошкора инфоқ қиларлар ва ёмонликни яхшилик ила қайтарарлар. Ана ўшаларга оқибат диёри бордир.

Улар шундай зотларки, Аллоҳнинг ризосини истаб, У Зотга итоат қилиш йўлидаги машаққатларга, гуноҳ қилмаслик йўлидаги оғирликларга, Аллоҳ тақдир қилган хафаликка ва хурсандликка бирдек сабр қиладилар, намозни тўкис адо этадилар, Биз берган мол-дунёдан вожиб бўлган миқдорини ҳақдорларга берадилар, риёдан ўзларини олиб қочиб, яширин ва холис ҳамда бошқаларга ўрнак бўлиш учун ошкора эҳсон қиладилар, ёмонлик қилган одамга яхшилик билан жавоб қайтарадилар. Ана ўшалар учун Қиёмат куни гўзал оқибат бордир.

23

جَنَّٰتُ عَدْنٍۢ يَدْخُلُونَهَا وَمَن صَلَحَ مِنْ ءَابَآئِهِمْ وَأَزْوَٰجِهِمْ وَذُرِّيَّٰتِهِمْ ۖ وَٱلْمَلَٰٓئِكَةُ يَدْخُلُونَ عَلَيْهِم مِّن كُلِّ بَابٍۢ

Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб:

Бу гўзал оқибат доимий яшаш жойи бўлмиш жаннатлардир. Ато этилган неъмат тўла бўлишининг бир кўриниши шуки, улар билан бирга солиҳ ота-оналари ҳам, жуфти ҳалоллари ҳам, болалари ҳам кирадилар. Жаннатнинг ҳамма эшикларидан фаришталар кириб, уларни муборакбод этадилар.

24

سَلَٰمٌ عَلَيْكُم بِمَا صَبَرْتُمْ ۚ فَنِعْمَ عُقْبَى ٱلدَّارِ

«Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!!!» (дерлар). (Мазкур жаннатга ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлсин учун ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар.)

Уларни табриклаш учун кирган фаришталар шундай дейдилар: "Аллоҳга тоат қилиш, гуноҳдан тийилиш йўлида ва аччиқ тақдирга сабр қилганингиз учун сизларга саломатлик бўлсин. Сизларни кутиб олган гўзал оқибат нақадар яхши, нақадар ёқимли!"

25

وَٱلَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ ٱللَّهِ مِنۢ بَعْدِ مِيثَٰقِهِۦ وَيَقْطَعُونَ مَآ أَمَرَ ٱللَّهُ بِهِۦٓ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِى ٱلْأَرْضِ ۙ أُو۟لَٰٓئِكَ لَهُمُ ٱللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوٓءُ ٱلدَّارِ

Аллоҳнинг аҳдини мийсоқдан кейин бузадиганлар, Аллоҳ боғланишига амр этган нарсаларни узадиганлар ва ер юзида бузғунчилик қиладиганларга, ана ўшаларга лаънат ва уларга ёмон диёр бор.

Аллоҳга аҳд берганларидан кейин уни бузадиганлар, Аллоҳ қариндошчилик ришталарини боғлашга буюриб турганда уларни узадиганлар, ер юзида бузғунчилик қиладиганлар, ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан қувилган ҳақиқий бадбахтлардир. Улар учун ёмон оқибат бор. У жаҳаннамдир.

26

ٱللَّهُ يَبْسُطُ ٱلرِّزْقَ لِمَن يَشَآءُ وَيَقْدِرُ ۚ وَفَرِحُوا۟ بِٱلْحَيَوٰةِ ٱلدُّنْيَا وَمَا ٱلْحَيَوٰةُ ٱلدُّنْيَا فِى ٱلْءَاخِرَةِ إِلَّا مَتَٰعٌۭ

Аллоҳ хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаганиникини) тор қилур. Улар бу дунё ҳаёти ила шод бўлдилар. Ҳолбуки, бу дунё ҳаёти охират олдида арзимас матоҳ, холос.

Аллоҳ Ўзи истаган одамига ризқни мўл қилиб беради. Истаган бандасига танг қилади. Ризқнинг мўл бўлиши саодатни ёки Аллоҳнинг муҳаббатини англатмайди. Ризқнинг танг бўлиши эса бахтсизлик нишонаси эмас. Кофирлар шу дунёнинг ўзига хурсанд бўлиб, унга қапишиб оладилар. Ҳолбуки, дунё ҳаёти охират олдида бир арзимас, ўткинчи матодир.

27

وَيَقُولُ ٱلَّذِينَ كَفَرُوا۟ لَوْلَآ أُنزِلَ عَلَيْهِ ءَايَةٌۭ مِّن رَّبِّهِۦ ۗ قُلْ إِنَّ ٱللَّهَ يُضِلُّ مَن يَشَآءُ وَيَهْدِىٓ إِلَيْهِ مَنْ أَنَابَ

Ва куфр келтирганлар: «Унга Роббидан бир оят-мўъжиза тушса эди», дерлар. Сен: «Албатта, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказадир ва Ўзига йўналганларини ҳидоят қиладир», деб айт.

Аллоҳга ва Унинг оятларига куфр келтирганлар: "Муҳаммадга Парвардигоридан унинг ҳақлигини исботловчи биз ҳис қила оладиган бир мўъжиза нозил қилинса эди, кейин биз унга иймон келтирган бўлар эдик", дейдилар. Эй Пайғамбар, ўша ғаламисларга айтинг: "Аллоҳ Ўзи истаган одамни Ўз адли ила адаштириб қўяди. Ўз фазли ила Ўзига тавба қилиб қайтган кимсани ҳидоятга бошлайди. Ҳидоят уларнинг қўлида эмаски, уни қандайдир мўъжизалар нозил бўлиши билан боғлаб қўйсалар".

28

ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ ٱللَّهِ ۗ أَلَا بِذِكْرِ ٱللَّهِ تَطْمَئِنُّ ٱلْقُلُوبُ

Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми? (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар.)

Аллоҳ ҳидоят қилган кишилар иймон келтирган ва Аллоҳни эслаш, У Зотга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, каломини тиловат қилиш каби зикрлар ила қалблари хотиржам бўладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни эслаш билангина қалблар ором олур. Қалбнинг ундан ўзга юпанчи йўқдир.

29

ٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّٰلِحَٰتِ طُوبَىٰ لَهُمْ وَحُسْنُ مَـَٔابٍۢ

Иймон келтирганлар ва яхши амалларни қилганларга хушнудлик ва гўзал маскан бор.

Аллоҳга иймон келтириб, У Зотга яқинлаштирадиган яхши амалларни қилган зотлар учун охиратда фаровон ҳаёт ва жаннат аталмиш гўзал оқибат бордир.

30

كَذَٰلِكَ أَرْسَلْنَٰكَ فِىٓ أُمَّةٍۢ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهَآ أُمَمٌۭ لِّتَتْلُوَا۟ عَلَيْهِمُ ٱلَّذِىٓ أَوْحَيْنَآ إِلَيْكَ وَهُمْ يَكْفُرُونَ بِٱلرَّحْمَٰنِ ۚ قُلْ هُوَ رَبِّى لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ عَلَيْهِ تَوَكَّلْتُ وَإِلَيْهِ مَتَابِ

Шундай қилиб, сени ўзларидан олдин ҳам умматлар ўтган бир умматга уларга ўзингга ваҳий қилган нарсамизни тиловат қилиб беришинг учун юбордик. Ҳолбуки, улар Роҳманга куфр келтирурлар. Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Унинг Ўзигагина таваккал қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт.

Эй Пайғамбар, олдинги умматларга пайғамбарлар юборганимиздек, сизни ҳам ўз умматингизга пайғамбар қилиб юбордик. Токи, уларга Биз сизга ваҳий қилган Қуръонни ўқиб берасиз. Сизнинг ҳақ эканингизни исботлашга унинг ўзи кифоядир. Лекин қавмингизнинг аҳволи бошқача бўлади. Улар бу оятни инкор этадилар. Чунки улар Раҳмонга куфр келтирадилар, Унга бошқа нарсаларни шерик қиладилар. Эй Пайғамбар, айтинг: "Сизлар Раҳмонга ширк келтиряпсизлар. Ҳобуки, У менинг Парвардигоримдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ҳамма ишларимда Унгагина суяндим ва тавба қилиб борар жойим ҳам ёлғиз Унгадир".

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.