لَهُۥ مُعَقِّبَٰتٌۭ مِّنۢ بَيْنِ يَدَيْهِ وَمِنْ خَلْفِهِۦ يَحْفَظُونَهُۥ مِنْ أَمْرِ ٱللَّهِ ۗ إِنَّ ٱللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّىٰ يُغَيِّرُوا۟ مَا بِأَنفُسِهِمْ ۗ وَإِذَآ أَرَادَ ٱللَّهُ بِقَوْمٍۢ سُوٓءًۭا فَلَا مَرَدَّ لَهُۥ ۚ وَمَا لَهُم مِّن دُونِهِۦ مِن وَالٍ
Унинг олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилгувчилар бор. Улар уни Аллоҳнинг амри ила ҳифз қилиб турурлар. Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. Агар Аллоҳ бирор қавмга ёмонликни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас ва улар учун Ундан ўзга валий ҳам йўқ. (Аллоҳ Ўзи юқорида зикр қилганидек, бандалар учун ўта махфий бўлган ҳолатларни ҳам жуда аниқлик ила билиб туришига қарамай, ҳар бир бандага тўрттадан фариштани бириктириб қўйгандир. Улардан иккитаси банданинг ҳар бир қилган амалини ўша вақтнинг ўзидаёқ ёзиб қўяди. Бу ҳар бир бандага катта масъулият юклайди. Фаришталардан иккитасининг бандани қўриқлаб туриши эса, Аллоҳ уни мукаррам қилганини кўрсатади. Демак, ҳар бир инсон ўша икромга лойиқ бўлиб, ўша масъулиятни ҳис этмоғи керак. Ўзини ўнглашга, тузатишга, Аллоҳнинг розилигини қозонтирадиган амалларни бажаришга уриниши лозим.)
Аллоҳ таолонинг бир қанча фаришталари бўлиб, улар бирин-кетин инсонни кузатиб турадилар. Айримлари кечаси келса, айримлари кундузи келади. Аллоҳнинг амри ила Аллоҳ насиб қилган ўринларда инсонни ҳар хил қадарлардан асраб-авайлаб турадилар. Инсоннинг айтган гапларини ҳам, қилган ишларини ҳам ёзиб борадилар. Бир қавм ўзидаги миннатдорлик ҳолатини нонкўрлик ҳолатига ўзгартирмагунича Аллоҳ унинг яхши аҳволини ёмон аҳволга ўзгартириб қўймайди. Аллоҳ бир қавмни ҳалок қилмоқчи бўлса, уни қайтара оладиган куч йўқ. Эй одамлар, сизлар учун Аллоҳдан бошқа ишларингизни бошқариб турадиган бир бошқарувчи ҳам, сизларни бало-қазолардан асраб тургувчи бир ҳомий ҳам йўқдир.