Muslim99Muslim99
← Tafsir library

11. Hud

Hud · Meccan · 123 ayahs

سُورَةُ هُودٍ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 61–70 of 123

61

۞ وَإِلَىٰ ثَمُودَ أَخَاهُمْ صَٰلِحًۭا ۚ قَالَ يَٰقَوْمِ ٱعْبُدُوا۟ ٱللَّهَ مَا لَكُم مِّنْ إِلَٰهٍ غَيْرُهُۥ ۖ هُوَ أَنشَأَكُم مِّنَ ٱلْأَرْضِ وَٱسْتَعْمَرَكُمْ فِيهَا فَٱسْتَغْفِرُوهُ ثُمَّ تُوبُوٓا۟ إِلَيْهِ ۚ إِنَّ رَبِّى قَرِيبٌۭ مُّجِيبٌۭ

Ва Самудга биродарлари Солиҳни (юбордик). У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди. Бас, Унга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқин ва ижобат қилгувчидир», деди.

Самудга биродарлари Солиҳни пайғамбар қилиб юбордик. Деди: «Эй қавмим, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга чин маъбуд йўқдир. У сизларни, отангизни ердан, тупроқдан яратиб, уни обод этишни сизларга топширди. Бас, Ундан мағфират сўранглар, кейин эса тоатлар қилиб, гуноҳлардан тийилиб, Унга тавба қилинглар. Албатта, Парвардигорим ихлосманд бандасига яқин ва дуосини ижобат қилгувчидир».

62

قَالُوا۟ يَٰصَٰلِحُ قَدْ كُنتَ فِينَا مَرْجُوًّۭا قَبْلَ هَٰذَآ ۖ أَتَنْهَىٰنَآ أَن نَّعْبُدَ مَا يَعْبُدُ ءَابَآؤُنَا وَإِنَّنَا لَفِى شَكٍّۢ مِّمَّا تَدْعُونَآ إِلَيْهِ مُرِيبٍۢ

Улар: «Эй Солиҳ, бундан олдин сен ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Албатта, биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз», дедилар.

Дедилар: «Эй Солиҳ, сен олдин орамизда олий мартабага эга эдинг, сени бизга йўл-йўриқ кўрсатадиган ақлли одам бўлишингни орзу қилгандик. Сен эса бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарасанми?! Албатта, биз сен даъват қилаётган ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш ҳақидаги гаплардан шубҳа-гумондамиз. Шунинг учун сени Аллоҳ шаънига туҳмат қиляпти, деб биламиз».

63

قَالَ يَٰقَوْمِ أَرَءَيْتُمْ إِن كُنتُ عَلَىٰ بَيِّنَةٍۢ مِّن رَّبِّى وَءَاتَىٰنِى مِنْهُ رَحْمَةًۭ فَمَن يَنصُرُنِى مِنَ ٱللَّهِ إِنْ عَصَيْتُهُۥ ۖ فَمَا تَزِيدُونَنِى غَيْرَ تَخْسِيرٍۢ

У: «Эй қавмим, хабар беринг-чи, агар мен Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У томонидан раҳмат берилган бўлса-ю, мен Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Бас, сиз менга зиёндан ўзгани зиёда қилмайсизлар.

Солиҳ қавмига раддия билдириб деди: "Эй қавмим, айтинглар-чи, мен Парвардигорим тарафидан бир очиқ ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзи тарафидан бир раҳматни, пайғамбарликни ато этган бўлса-да, яна мен У Зотга осийлик қилиб, рисолатни етказиш ҳақидаги фармонини бажармасам, Унинг азобидан мени ким асрай олади?! Сизлар эса менга залолат ва У Зотнинг ризосидан узоқлашишдан бошқа нарсани кўпайтирмайсизлар".

64

وَيَٰقَوْمِ هَٰذِهِۦ نَاقَةُ ٱللَّهِ لَكُمْ ءَايَةًۭ فَذَرُوهَا تَأْكُلْ فِىٓ أَرْضِ ٱللَّهِ وَلَا تَمَسُّوهَا بِسُوٓءٍۢ فَيَأْخُذَكُمْ عَذَابٌۭ قَرِيبٌۭ

Эй қавмим, Аллоҳнинг мана бу туяси сизга оят-мўъжизадир. Бас, уни тек қўйинглар, Аллоҳнинг ерида еб юрсин, унга ёмонлик етказманглар, акс ҳолда, сизни яқин азоб ушлайди», деди. (Солиҳ (а. с.) ўзларига Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбарликларини тасдиқловчи мўъжиза қилиб берилган туяни Самуд қавмига кўрсатиб, эй қавмим, мана бу туя менинг ҳақ Пайғамбар эканимни тасдиқловчи мўъжиза, бу Аллоҳнинг туяси, унга тегманглар, Аллоҳнинг ерида хоҳлаган нарсасини еб юрсин, унга бирор ёмонлик етказа кўрманглар, агар бирор ёмонлик етказсангиз, сизга тезда азоб келади, дедилар.)

Эй қавмим, мана бу Аллоҳнинг туяси сизлар учун менинг ҳақ пайғамбар эканимни тасдиқловчи бир белги-мўжизадир. Уни тек қўйинглар. Аллоҳнинг ерида ўтлаб юраверсин. Унга бирон озор етказа кўрманглар. Акс ҳолда, тезда бир азобга йўлиқасизлар.

65

فَعَقَرُوهَا فَقَالَ تَمَتَّعُوا۟ فِى دَارِكُمْ ثَلَٰثَةَ أَيَّامٍۢ ۖ ذَٰلِكَ وَعْدٌ غَيْرُ مَكْذُوبٍۢ

Бас, у(туя)ни сўйдилар. Сўнг У (Солиҳ): «Диёрингизда уч кун баҳраманд бўлиб туринг. Бу ёлғон бўлмаган ваъдадир», деди.

Ҳақни тан олмасликда туриб олиб, уни сўйиб юбордилар. Шунда Солиҳ уларга деди: "Ерингизда уч кун фойдаланиб, яшаб олинг. Кейин Аллоҳнинг азоби келади. Бу ёлғони йўқ чин ваъдадир".

66

فَلَمَّا جَآءَ أَمْرُنَا نَجَّيْنَا صَٰلِحًۭا وَٱلَّذِينَ ءَامَنُوا۟ مَعَهُۥ بِرَحْمَةٍۢ مِّنَّا وَمِنْ خِزْىِ يَوْمِئِذٍ ۗ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ ٱلْقَوِىُّ ٱلْعَزِيزُ

Амримиз келган пайтда раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик ва ўша куннинг шармандалигидан қутқардик. Албатта, Роббинг, Унинг Ўзи кучли ва азиздир.

Уларни ҳалок қилиш ҳақидаги фармонимиз келгач, Солиҳ ва у билан бирга бўлган мўминларга Ўз тарафимиздан бўлган бир раҳмат ила нажот бердик ва уларни ўша куннинг хорлиги, шармандалигидан асрадик. Албатта, Парвардигорингиз кучли ва ғолиб Зотдирки, ҳеч кимса Ундан ғолиб бўла олмас. Ҳақни тан олмаган умматларни ҳалок этиши ана шу ғолиблигининг бир кўринишидир.

67

وَأَخَذَ ٱلَّذِينَ ظَلَمُوا۟ ٱلصَّيْحَةُ فَأَصْبَحُوا۟ فِى دِيَٰرِهِمْ جَٰثِمِينَ

Ва зулм қилганларни даҳшатли қичқириқ олди. Бас, диёрларида тўкилдилар.

Самуд қавмини бир даҳшатли ҳайқириқ тутди. Унинг шиддатидан ерга юзтубан йиқилиб, тупроққа беланиб ўлдилар.

68

كَأَن لَّمْ يَغْنَوْا۟ فِيهَآ ۗ أَلَآ إِنَّ ثَمُودَا۟ كَفَرُوا۟ رَبَّهُمْ ۗ أَلَا بُعْدًۭا لِّثَمُودَ

Худди унда турмаганга ўхшаб. Огоҳ бўлингким, албатта, Самуд (қавми) Роббиларига куфр келтирган эдилар. Огоҳ бўлингким, Самуд йўқолсин-е!

Худди юртида фаровон ҳаёт кечирмагандек бўладилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд Парвардигори Аллоҳга куфр келтириб, У Зотнинг раҳматидан қувилди.

69

وَلَقَدْ جَآءَتْ رُسُلُنَآ إِبْرَٰهِيمَ بِٱلْبُشْرَىٰ قَالُوا۟ سَلَٰمًۭا ۖ قَالَ سَلَٰمٌۭ ۖ فَمَا لَبِثَ أَن جَآءَ بِعِجْلٍ حَنِيذٍۢ

Батаҳқиқ, элчиларимиз Иброҳимга хушхабар келтирдилар. Улар: «Салом», дедилар. У: «Салом», деди. Ва кўп ўтмай қовурилган бузоқ келтирди. (Ҳуд қиссаларидан фарқли ўлароқ, Иброҳимнинг (а. с.) қиссалари бошидан эмас, балки бир кўриниши келтирилмоқда. Бу эса, Лут (а. с.) қиссасига кириш учундир.)

Фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига одам суратида унга ва аёлига Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимассалом туғилиши ҳақида хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», деди-да, ҳаял ўтмай бир бузоқни қовуриб келтирди. Чунки уларни одам деб ўйлаганди.

70

فَلَمَّا رَءَآ أَيْدِيَهُمْ لَا تَصِلُ إِلَيْهِ نَكِرَهُمْ وَأَوْجَسَ مِنْهُمْ خِيفَةًۭ ۚ قَالُوا۟ لَا تَخَفْ إِنَّآ أُرْسِلْنَآ إِلَىٰ قَوْمِ لُوطٍۢ

Уларнинг қўллари у(таом)га етмаётганини кўриб, улардан ҳайрон бўлди ва ичида хавфсиради. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дедилар. (Фаришталар одам суратида келган эдилар. Шунинг учун Иброҳим (а. с.) саҳроликларнинг меҳмондўстликлари асосида уларни зиёфат қилишга шошилдилар. Тезда пиширилган бузоқ гўштини олиб келиб, меҳмонлар олдига қўйганларида фаришталар таом емасликлари сабабидан унга қўл узатмай ўтиравердилар. Бу ҳол Иброҳимга (а. с.) ғалати кўринди ва улардан хавфсирай бошладилар.)

Иброҳим уларнинг овқатга қўл узатмаганларини кўриб, улардан шубҳаланди ва хавфсиради. Фаришталар унинг хавфсираётганини кўриб, шундай дедилар: "Қўрқма, биз Лут қавмини жазолаш учун юборилганмиз"

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.