Muslim99Muslim99
← Tafsir library

11. Hud

Hud · Meccan · 123 ayahs

سُورَةُ هُودٍ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 111–120 of 123

111

وَإِنَّ كُلًّۭا لَّمَّا لَيُوَفِّيَنَّهُمْ رَبُّكَ أَعْمَٰلَهُمْ ۚ إِنَّهُۥ بِمَا يَعْمَلُونَ خَبِيرٌۭ

Албатта, Роббинг ҳаммага амалларига яраша тўлиқ вафо қилур. Чунки У қилаётган нарсаларидан хабардордир.

Эй Пайғамбар, Парвардигорингиз анави ихтилофга бораётганларнинг ҳаммасига амалларига яраша жазо ёки мукофотларини тўла қилиб беради. Яхшиликларига яраша мукофот, ёмонликларига яраша эса жазо. Аллоҳ улар қилаётган ишларнинг икир-чикиригача билади. Бирон нарса У Зотдан яширин қолмайди.

112

فَٱسْتَقِمْ كَمَآ أُمِرْتَ وَمَن تَابَ مَعَكَ وَلَا تَطْغَوْا۟ ۚ إِنَّهُۥ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌۭ

Бас, сен ва сен билан тавба қилганлар мустақийм туринглар ва туғёнга кетманглар. Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир. (Яъни, Пайғамбар (с. а. в.) ва мўминлар тўғри йўлда–Аллоҳнинг динида собит турмоқликлари, бардавом бўлмоқлари лозим. Улар ҳаддан ошиб, туғёнга кетиши мумкин эмас. Агар мустақийм турмасангиз ва туғёнга кетсангиз, ўзингизга қийин бўлади. «Чунки У нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир».)

Эй Пайғамбар, Парвардигорингиз қандоқ буюрган бўлса, ўшандоқ тўғри йўлни маҳкам тутиб, У Зотнинг буйруқларини бажаринг ва тақиқларидан тийилинг. Сиз билан бирга тавба қилган мўминлар ҳам худди сиздек бўлсинлар. Гуноҳлар қилиб, ҳаддингиздан ошманглар. У Зот қилаётган ишларингизни кўриб тургувчидир. Биронта амалингиз У Зотдан яширин қолмайди ва яқинда амалларингизга яраша жазо ёки мукофотингизни беради.

113

وَلَا تَرْكَنُوٓا۟ إِلَى ٱلَّذِينَ ظَلَمُوا۟ فَتَمَسَّكُمُ ٱلنَّارُ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِنْ أَوْلِيَآءَ ثُمَّ لَا تُنصَرُونَ

Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин. Сиз учун Аллоҳдан ўзга дўстлар йўқ. Сўнгра ёрдам берилмайсизлар.

Кофирларга хушомад қилиб, яқин бўлишга уринманглар. Тағин шунинг ортидан дўзахий бўлиб юрманглар. Сизларга Аллоҳдан ўзга мадад қўлини узата оладиган бирон дўст йўқ. Кўзингларни очинглар, кейин ёрдам берадиган бирон мададкор тополмай қоласизлар.

114

وَأَقِمِ ٱلصَّلَوٰةَ طَرَفَىِ ٱلنَّهَارِ وَزُلَفًۭا مِّنَ ٱلَّيْلِ ۚ إِنَّ ٱلْحَسَنَٰتِ يُذْهِبْنَ ٱلسَّيِّـَٔاتِ ۚ ذَٰلِكَ ذِكْرَىٰ لِلذَّٰكِرِينَ

Кундузнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса, эсловчиларга эслатмадир. (Уламоларимиз ояти каримадаги «Кундузнинг икки тарафида» адо қилинадиган намоз бомдод, пешин ва аср намозлари, «кечанинг бир бўлагида» адо этиладиган намоз шом ва хуфтон намозлари, дейишган. Мўмин киши томонидан қилинган ҳар бир яхши иш ёмонликларни кетказади. Намоз ўша яхшиликларнинг гултожидир. Ушбу оятда оғир ва аҳамиятли ишларни қилишда, Аллоҳнинг амрига бўйсунишда, кўрсатган йўли ва йўллаган динида мустақийм туришдек масъулиятли ишда намоз ва яхшилик қилиш ила олдинга йўл очишга ундаш бор.)

Эй Пайғамбар, кундузнинг бошланиши ва ниҳояланишида ҳамда кечаларда намозни энг гўзал тарзда адо этинг. Яхши амаллар кичик-кичик гуноҳларни кетказади. Бу нарса насиҳатга қулоқ соладиган, ибрат оладиганлар учун бир эслатмадир.

115

وَٱصْبِرْ فَإِنَّ ٱللَّهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ ٱلْمُحْسِنِينَ

Ва сабр қил. Бас, албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас.

Тўғри йўлда барқарор туриш каби буйруқларни бажаришда ҳамда ҳаддан ошиш ва зумлматда қолиш каби тақиқлардан тийилишда сабрли бўлинг. Аллоҳ ишни қойиллатиб, мукаммал тарзда адо этувчиларнинг гўзал ишларини қабул қилади ва уларга энг яхши иш қилганнинг савобини беради.

116

فَلَوْلَا كَانَ مِنَ ٱلْقُرُونِ مِن قَبْلِكُمْ أُو۟لُوا۟ بَقِيَّةٍۢ يَنْهَوْنَ عَنِ ٱلْفَسَادِ فِى ٱلْأَرْضِ إِلَّا قَلِيلًۭا مِّمَّنْ أَنجَيْنَا مِنْهُمْ ۗ وَٱتَّبَعَ ٱلَّذِينَ ظَلَمُوا۟ مَآ أُتْرِفُوا۟ فِيهِ وَكَانُوا۟ مُجْرِمِينَ

Сиздан олдинги асрларда ер юзида фасоддан қайтарадиган боқийлик эгалари бўлганида эди. Магар Биз нажот берганлар озгина кишилар бўлди, холос. Зулм қилганлар эса, маишат ортидан кетдилар ва жиноятчилардан бўлдилар.

Сизлардан олдинги азобга йўлиққан умматлар орасида халқини куфрдан ва ер юзида бузғунчилик қилишдан қайтарадиган фозил ва солиҳ кишилардан қолганлари бўлса эди. Афсуски, улар йўқ. Бўлса ҳам жуда озчилик. Золим қавмни ҳалок қилган пайтимизда уларни асраб қолгандик. Золимлари эса маишатга берилиб, ўзларига ўзлари зулм қилдилар.

117

وَمَا كَانَ رَبُّكَ لِيُهْلِكَ ٱلْقُرَىٰ بِظُلْمٍۢ وَأَهْلُهَا مُصْلِحُونَ

Роббинг аҳли ислоҳчи бўлган шаҳарларни зулм ила ҳалок қилмас эди.

Эй Пайғамбар, қайси шаҳарларнинг аҳолиси куфр, зулм ва маъсият ила бузғунчи бўлмаса, аксинча, ислоҳ қилувчи бўлса, Парвардигорингиз уни зулм билан ҳалок қилган эмас.

118

وَلَوْ شَآءَ رَبُّكَ لَجَعَلَ ٱلنَّاسَ أُمَّةًۭ وَٰحِدَةًۭ ۖ وَلَا يَزَالُونَ مُخْتَلِفِينَ

Агар Роббинг хоҳласа, одамларни бир уммат қиларди. Улар ихтилоф қилишда бардавом бўлурлар.

Эй Пайғамбар, Парвардигорингиз хоҳлаганида одамларни ҳақ устидаги ягона миллатга айлантириб қўйган бўларди. Лекин Аллоҳ буни хоҳламади. Энди улар ҳавойи нафсларига эргашганлари ва ҳаддан ошганлари туфайли ҳар хил бўлиб бораверадилар.

119

إِلَّا مَن رَّحِمَ رَبُّكَ ۚ وَلِذَٰلِكَ خَلَقَهُمْ ۗ وَتَمَّتْ كَلِمَةُ رَبِّكَ لَأَمْلَأَنَّ جَهَنَّمَ مِنَ ٱلْجِنَّةِ وَٱلنَّاسِ أَجْمَعِينَ

Роббинг раҳм қилганларидан бошқалари. Уларни шунинг учун яратгандир. Роббингнинг: «Жаҳаннамни, албатта, жинлар ва одамлар билан тамомила тўлдирурман», деган сўзи батамом бўлди. (Чунки улар турлича яратилганлар. Динда ҳам ихтилоф қиладилар. Магар Аллоҳ раҳм қилганларгина хилофсиз Аллоҳнинг айтганларида юрадилар. Жаҳаннамни тўлдириш учун ихтилоф қилганлар етарлича топилади.)

Аллоҳ ҳидоятга муваффақ айлаганлар бундан мустасно. Чунки улар Аллоҳни бир деб билишда ихтилоф қилмайдилар. Мана шундай ихтилоф билан синаш учун уларни яратди. Ким бахтли бўлди, ким бахтсиз. Эй Пайғамбар, Парвардигорингизнинг тақдири азалда: "Жаҳаннамни инсу жинлардан иборат шайтоннинг тобелари билан тўлдираман", деган сўзи тўла ҳақ бўлди.

120

وَكُلًّۭا نَّقُصُّ عَلَيْكَ مِنْ أَنۢبَآءِ ٱلرُّسُلِ مَا نُثَبِّتُ بِهِۦ فُؤَادَكَ ۚ وَجَآءَكَ فِى هَٰذِهِ ٱلْحَقُّ وَمَوْعِظَةٌۭ وَذِكْرَىٰ لِلْمُؤْمِنِينَ

Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бу (сура)да сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди.

Эй Пайғамбар, сизга пайғамбарлар ҳақидаги ҳар бир хабарни қалбингизни ҳақ устида барқарорлаштириш ва қўллаб-қувватлаш учун қисса қилиб беряпмиз. Бу сурада сизга шак-шубҳа аралашмаган ҳақ келди. Кофирларга панд-насиҳат келди. Мўминлар учун эса эслатма келди.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.