Muslim99Muslim99
← Tafsir library

11. Hud

Hud · Meccan · 123 ayahs

سُورَةُ هُودٍ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 101–110 of 123

101

وَمَا ظَلَمْنَٰهُمْ وَلَٰكِن ظَلَمُوٓا۟ أَنفُسَهُمْ ۖ فَمَآ أَغْنَتْ عَنْهُمْ ءَالِهَتُهُمُ ٱلَّتِى يَدْعُونَ مِن دُونِ ٱللَّهِ مِن شَىْءٍۢ لَّمَّا جَآءَ أَمْرُ رَبِّكَ ۖ وَمَا زَادُوهُمْ غَيْرَ تَتْبِيبٍۢ

Биз уларга зулм қилмадик. Лекин ўзларига зулм қилдилар. Роббингнинг амри келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилган «худо»лари ҳеч бир нарсада уларнинг ҳожатларини чиқара олмади. Уларга зиёндан бошқани зиёда қилмадилар.

Эй Пайғамбар, улар ҳалокат сари борар эканлар, Биз уларга зулм қилмадик. Лекин улар ўзларига ўзлари зулм қилиб, Аллоҳга куфр келтирдилар ва шу билан ўзларини ўзлари ҳалокат чоҳига отдилар. Парвардигорингизнинг уларни ҳалок қилиш ҳақидаги фармони келган пайтда Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган худолари уларга асқотмади, уларни бошларига тушган азобдан қутқариб қолмади. Худолари уларга зарар ва ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилмади.

102

وَكَذَٰلِكَ أَخْذُ رَبِّكَ إِذَآ أَخَذَ ٱلْقُرَىٰ وَهِىَ ظَٰلِمَةٌ ۚ إِنَّ أَخْذَهُۥٓ أَلِيمٌۭ شَدِيدٌ

Роббинг золим шаҳарларни ушлаганида, ана шундай ушлайдир. Албатта, Унинг ушлаши аламли ва шиддатлидир.

Ҳамма замон ва маконларда Аллоҳнинг ҳақни тан олмаган шаҳарларни жазолаши мана шундай бўлган. Унинг зулму зўравонликка муккасидан кетган шаҳарларни азоб билан ушлаши ўта оғриқли ва шиддатлидир.

103

إِنَّ فِى ذَٰلِكَ لَءَايَةًۭ لِّمَنْ خَافَ عَذَابَ ٱلْءَاخِرَةِ ۚ ذَٰلِكَ يَوْمٌۭ مَّجْمُوعٌۭ لَّهُ ٱلنَّاسُ وَذَٰلِكَ يَوْمٌۭ مَّشْهُودٌۭ

Албатта, бунда охират азобидан қўрққан кимса учун ибрат бордир. Бу кун одамлар жамланадиган бир кундир. Бу кун шоҳид бўлинадиган кундир.

Аллоҳнинг зулму зўравонликка муккасидан кетган шаҳарларни қаттиқ азоб билан ушлашида Қиёмат кунининг азобидан қўрқадиган зотлар учун ибрат ва насиҳат бордир. У кунда Аллоҳ ҳамма одамларни тўплаб, улардан ҳисоб олур. У гувоҳ бўлинадиган кундир. Яъни, ҳамма у куннинг гувоҳи бўлгай, ўз кўзи билан кўргай.

104

وَمَا نُؤَخِّرُهُۥٓ إِلَّا لِأَجَلٍۢ مَّعْدُودٍۢ

Уни Биз фақат саноқли муддатга кечиктирамиз.

Биз бу гувоҳ бўлинадиган кунни саноқли муддатгагина кечиктириб турамиз.

105

يَوْمَ يَأْتِ لَا تَكَلَّمُ نَفْسٌ إِلَّا بِإِذْنِهِۦ ۚ فَمِنْهُمْ شَقِىٌّۭ وَسَعِيدٌۭ

У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир.

У кун келганда Аллоҳнинг изнисиз бирон жон ҳужжатини сўзлай олмас, шафоатини қила олмас. У кунда одамлар икки турли бўладилар. Бири бахтсиз бўлиб дўзахга, иккинчиси эса бахтли бўлиб жаннатга киради.

106

فَأَمَّا ٱلَّذِينَ شَقُوا۟ فَفِى ٱلنَّارِ لَهُمْ فِيهَا زَفِيرٌۭ وَشَهِيقٌ

Бас, бадбахт бўлганлар дўзахдалар. У ерда улар дод-фарёд қилурлар.

Кофирлиги ва бузуқ амаллари туфайли бахтсиз бўлганлар дўзахга кирадилар ва у ердаги азобга чидолмай, овозлари борича дод-фарёд қиладилар.

107

خَٰلِدِينَ فِيهَا مَا دَامَتِ ٱلسَّمَٰوَٰتُ وَٱلْأَرْضُ إِلَّا مَا شَآءَ رَبُّكَ ۚ إِنَّ رَبَّكَ فَعَّالٌۭ لِّمَا يُرِيدُ

Улар, модомики осмонлару ер бор экан, унда абадий қолурлар. Магар Роббинг хоҳласа, (абадий қолмаслар). Албатта, Роббинг нимани хоҳласа, қилгувчи зотдир. (Яъни, улар дўзахда абадий қолурлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, баъзиларини озод этиши мумкин. Чунки Аллоҳ хоҳлаганини қилгувчи зотдир.)

У ерда абадий қоладилар. Модомики, осмонлару ер бор экан, ундан чиқмайдилар. Фақат Аллоҳ Ўзи хоҳлаб чиқарганлари бундан мустасно. Улар муваҳҳид осийлардир. Эй Пайғамбар, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган ишни қилгувчидирки, У Зотни ҳеч кимса ҳеч ишга мажбур қила олмас.

108

۞ وَأَمَّا ٱلَّذِينَ سُعِدُوا۟ فَفِى ٱلْجَنَّةِ خَٰلِدِينَ فِيهَا مَا دَامَتِ ٱلسَّمَٰوَٰتُ وَٱلْأَرْضُ إِلَّا مَا شَآءَ رَبُّكَ ۖ عَطَآءً غَيْرَ مَجْذُوذٍۢ

Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир. (Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: «Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар, ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар, қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар, бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар, ноумид бўлмайсизлар», дейилади.)

Иймон келтириш ва яхши амалларни қилиш билан бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Модомики, осмонлару ер бор экан, у ерда абадий қоладилар. Фақат Аллоҳнинг хоҳлагани бундан мустасно. У Зот гуноҳкор мўминларни жаннатдан олдин дўзахга маълум муддатга киритиши мумкин. Аллоҳнинг жаннатийларга ато этган неъматлари битмас-туганмасдир.

109

فَلَا تَكُ فِى مِرْيَةٍۢ مِّمَّا يَعْبُدُ هَٰٓؤُلَآءِ ۚ مَا يَعْبُدُونَ إِلَّا كَمَا يَعْبُدُ ءَابَآؤُهُم مِّن قَبْلُ ۚ وَإِنَّا لَمُوَفُّوهُمْ نَصِيبَهُمْ غَيْرَ مَنقُوصٍۢ

Сен анавилар ибодат қилаётган нарсада шак-шубҳада бўлма. Улар олдин оталари ибодат қилганга ўхшаш ибодат қилурлар, холос. Ва, албатта, Биз уларга насибаларини камситмай, тўлиқ қилиб берамиз.

Эй Пайғамбар, сиз анавилар ибодат қилаётган нарсанинг бузуқлигидан шубҳалана кўрманг. Уларда қилаётган ишларининг тўғрилигига на ақлий ва на нақлий ҳужжат бор. Улар олдинги ота-боболарига тақлид қиляптилар, холос. Биз уларнинг азобдан иборат бўлган насибасини камайтирмасдан, тўла қилиб бергувчимиз.

110

وَلَقَدْ ءَاتَيْنَا مُوسَى ٱلْكِتَٰبَ فَٱخْتُلِفَ فِيهِ ۚ وَلَوْلَا كَلِمَةٌۭ سَبَقَتْ مِن رَّبِّكَ لَقُضِىَ بَيْنَهُمْ ۚ وَإِنَّهُمْ لَفِى شَكٍّۢ مِّنْهُ مُرِيبٍۢ

Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик. Бас, у ҳақида ихтилоф қилинди. Агар Роббингдан ўтган сўз бўлмаганида, ораларида ҳукм чиқарган бўлар эди. Ва, албатта, улар ундан шак-шубҳададирлар.

Биз Мусога Тавротни бердик. Одамлар у ҳақда ихтилоф қилдилар. Айримлари иймон келтириб, қолганлари куфр келтирдилар. Аллоҳнинг олдинги азобни кечиктириш, уни Қиёмат кунига олиб қўйиш ҳақидаги қазоси бўлмаганида уларнинг бошига шу дунёнинг ўзидаёқ ҳақли жазо, азоб тушган бўлар эди. Яҳудий ва мушриклар каби кофирлар Қуръон ҳақида шубҳаланаверадилар, гумон қилаверадилар.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.