Muslim99Muslim99
← Tafsir library

10. Yunus

Jonas · Meccan · 109 ayahs

سُورَةُ يُونُسَ

Reading Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies

Ayahs 71–80 of 109

71

۞ وَٱتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ نُوحٍ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِۦ يَٰقَوْمِ إِن كَانَ كَبُرَ عَلَيْكُم مَّقَامِى وَتَذْكِيرِى بِـَٔايَٰتِ ٱللَّهِ فَعَلَى ٱللَّهِ تَوَكَّلْتُ فَأَجْمِعُوٓا۟ أَمْرَكُمْ وَشُرَكَآءَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُنْ أَمْرُكُمْ عَلَيْكُمْ غُمَّةًۭ ثُمَّ ٱقْضُوٓا۟ إِلَىَّ وَلَا تُنظِرُونِ

Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар.

Эй Пайғамбар, анави ҳақни тан олмаётган мушрикларга Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссасини сўзлаб беринг. У қавмига шундай деганди: "Эй қавмим, агар менинг орангизда туришим сизларга оғирлик қилаётган бўлса, Аллоҳнинг оятларини эслатаётганим, насиҳатим малол келаётган бўлса ва мени ўлдиришга қарор қилган бўлсангиз, мен ёлғиз Аллоҳгагина таянаман. У Зот сизнинг макру ҳийлангизни пучга чиқарур. Ишингизни пухта қилиб, мени ўлдиришга чоғланаверинг, худоларингизни ёрдамга чақиришни ҳам унутманг. Кейин макрингиз махфий сир бўлмай қолади. Мени ўлдириш режасини тузиб бўлганингиздан кейин бир лаҳза ҳам кечиктирмай ишга киришаверинг.

72

فَإِن تَوَلَّيْتُمْ فَمَا سَأَلْتُكُم مِّنْ أَجْرٍ ۖ إِنْ أَجْرِىَ إِلَّا عَلَى ٱللَّهِ ۖ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ ٱلْمُسْلِمِينَ

Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди. (Эй Муҳаммад, ўз вақтида Нуҳ (а. с.) ҳам сенга ўхшаб қавмига Пайғамбар бўлиб келган эди. Сен билан қавминг ўртасидаги ҳолат уларнинг ҳам бошидан кечган. Сенинг қавминг ичидан ҳам Нуҳ қавмидагига ўхшаш саркашлар чиқди. Улар Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи турли оят-белгилардан ўрнак олмаяптилар.)

Менинг даъватимдан юз ўгирсангиз ўгираверинг. Биласизларки, Парвардигоримнинг рисолатини сизларга етказиб қўйганим учун сизлардан ҳақ талаб қилганим йўқ. Ажримни Аллоҳим берур. Аллоҳ мени итоат этгувчи ва яхши амалларни қилгувчилардан бўлишга буюрган, холос.

73

فَكَذَّبُوهُ فَنَجَّيْنَٰهُ وَمَن مَّعَهُۥ فِى ٱلْفُلْكِ وَجَعَلْنَٰهُمْ خَلَٰٓئِفَ وَأَغْرَقْنَا ٱلَّذِينَ كَذَّبُوا۟ بِـَٔايَٰتِنَا ۖ فَٱنظُرْ كَيْفَ كَانَ عَٰقِبَةُ ٱلْمُنذَرِينَ

Сўнгра уни ёлғончига чиқаришди. Бас, Биз уни ва у ила бирга бўлганларни кемада қутқардик ва уларни халифалар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ этдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.

Қавми уни ёлғончига чиқарди. Унга ишонмади. Бас, Биз Нуҳга ва унга эргашиб, кемага чиққан мўминларга нажот бердик. Уларни ўзларидан олдинги салафларига халаф қилдик. Аждодларига авлод қилдик. Оят-аломатларни ва ҳужжатларни ёлғон деганларни эса тўфон ила ҳалок айладик. Бас, эй Пайғамбар, Нуҳ огоҳлантирганига қарамай, иймон келтирмаган қавмнинг оқибати нима бўлгани ҳақида фикр юритинг.

74

ثُمَّ بَعَثْنَا مِنۢ بَعْدِهِۦ رُسُلًا إِلَىٰ قَوْمِهِمْ فَجَآءُوهُم بِٱلْبَيِّنَٰتِ فَمَا كَانُوا۟ لِيُؤْمِنُوا۟ بِمَا كَذَّبُوا۟ بِهِۦ مِن قَبْلُ ۚ كَذَٰلِكَ نَطْبَعُ عَلَىٰ قُلُوبِ ٱلْمُعْتَدِينَ

Сўнгра ундан кейин Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келдилар. Аммо у(қавм)лар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкорларнинг қалбига шундай қилиб муҳр босамиз. (Эй сиз инсонлар, ушбу оятлар билан танишаётганлар! Сизлар ҳам ўша қавмларга ўхшаб аввал-бошдан Пайғамбарни, Қуръонни ёлғонга чиқариб, тажовузкорлик этманг. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, ўшаларга ўхшаб қалбингизга муҳр босилиши, оқибатда ҳалокатга учрашингиз турган гап. Мана, қуйида қиссаси келадиган қавм ҳам худди шундай тақдирга дуч келган эди.)

Бир муддат ўтиб, Нуҳдан кейин бошқа пайғамбарларни юбордик. Улар ўз умматларига оят ва ҳужжатларни тақдим этдилар. Умматлар эса олдинги саркашлиги сабабли иймон келтиришни истамадилар. Натижада Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйди. Ўша пайғамбарларни инкор қилганларнинг қалбларини муҳрлаганимиз каби ҳамма замон ва макондаги куфр ила Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган бадбахтларнинг дилларини ҳам муҳрлаб қўюрмиз.

75

ثُمَّ بَعَثْنَا مِنۢ بَعْدِهِم مُّوسَىٰ وَهَٰرُونَ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَإِي۟هِۦ بِـَٔايَٰتِنَا فَٱسْتَكْبَرُوا۟ وَكَانُوا۟ قَوْمًۭا مُّجْرِمِينَ

Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.

Яна бироз муддат ўтиб, у пайғамбарлардан кейин Мусо ва унинг биродари Ҳорунни ўзларининг ҳақ эканига далолат қилувчи ҳужжатлар билан бирга Миср подшоҳи Фиръавн ва унинг аъёни ҳузурига юбордик. Фиръавн ва унинг аъёни мутакаббирлик қилиб, иймон келтирмадилар. Улар Аллоҳга куфр келтириб ва пайғамбарларини ёлғончига чиқариб, жиноятчи қавмга айландилар.

76

فَلَمَّا جَآءَهُمُ ٱلْحَقُّ مِنْ عِندِنَا قَالُوٓا۟ إِنَّ هَٰذَا لَسِحْرٌۭ مُّبِينٌۭ

Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.

Мусо билан Ҳорун алайҳимассалом Фиръавн ва унинг аъёнига динни олиб келгач, улар Мусо алайҳиссаломнинг ҳақ эканига далолат қилувчи оятларни ҳақиқат эмас, сеҳрдир, дедилар.

77

قَالَ مُوسَىٰٓ أَتَقُولُونَ لِلْحَقِّ لَمَّا جَآءَكُمْ ۖ أَسِحْرٌ هَٰذَا وَلَا يُفْلِحُ ٱلسَّٰحِرُونَ

Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.

Мусо уларга раддия билдириб деди: "Ҳақ келганда уни сеҳр, дейсизларми? Асло! У сеҳр эмас. Мен сеҳргар муваффақиятга эришолмаслигини жуда яхши биламан. Шуни била туриб, сеҳр билан шуғулланаманми?!"

78

قَالُوٓا۟ أَجِئْتَنَا لِتَلْفِتَنَا عَمَّا وَجَدْنَا عَلَيْهِ ءَابَآءَنَا وَتَكُونَ لَكُمَا ٱلْكِبْرِيَآءُ فِى ٱلْأَرْضِ وَمَا نَحْنُ لَكُمَا بِمُؤْمِنِينَ

Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)

Фиръавн қавми Мусо алайҳиссаломга шундай жавоб қилди: "Бизни ота-боболаримиз динидан айнитиш ва биродаринг Ҳорун билан бирга салтанатни эгаллаш учун шу сеҳрни олиб келдингми? Эй Мусо ва Ҳорун, биз сизларнинг пайғамбарлигингизни тан олмаймиз".

79

وَقَالَ فِرْعَوْنُ ٱئْتُونِى بِكُلِّ سَٰحِرٍ عَلِيمٍۢ

Фиръавн: «Менга барча билимдон сеҳргарни келтиринглар», деди.

Фиръавн қавмига деди: "Ҳамма моҳир, абжир сеҳргарларни ёнимга келтирингиз!"

80

فَلَمَّا جَآءَ ٱلسَّحَرَةُ قَالَ لَهُم مُّوسَىٰٓ أَلْقُوا۟ مَآ أَنتُم مُّلْقُونَ

Сеҳргарлар келганида, Мусо уларга: «Сизлар ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз», деди.

Фиръавн олдига сеҳргарларни олиб келишгач, Мусо уларга бамайлихотир, ғолиб бўлишига аниқ ишонч билан: "Эй сеҳргарлар, ташлайдиганингизни ташлангиз", деди.

Commentary: Al-Mukhtasar in Interpreting the Noble Qur'an by Tafsir Center for Quranic Studies. Qur'an text and translation via AlQuran Cloud.