قُلْ مَن يَرْزُقُكُم مِّنَ ٱلسَّمَآءِ وَٱلْأَرْضِ أَمَّن يَمْلِكُ ٱلسَّمْعَ وَٱلْأَبْصَٰرَ وَمَن يُخْرِجُ ٱلْحَىَّ مِنَ ٱلْمَيِّتِ وَيُخْرِجُ ٱلْمَيِّتَ مِنَ ٱلْحَىِّ وَمَن يُدَبِّرُ ٱلْأَمْرَ ۚ فَسَيَقُولُونَ ٱللَّهُ ۚ فَقُلْ أَفَلَا تَتَّقُونَ
Сен: «Сизларни осмонлару ерда ким ризқлантирур? Ёки қулоқ ва кўзларингизнинг эгаси ким, тирикни ўликдан, ўликни тирикдан ким чиқарур? Ишнинг тадбирини ким қиладир?» деб айт. Улар, албатта: «Аллоҳ», дерлар. Бас, сен: «Тақво қилмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган даврдаги одамлар тушунчаси бўйича, ўсиб-ҳаракатланиб турган нарсалар тирик, ҳаракатсиз, ўсмай турган нарсалар ўлик ҳисобланар эди. Ана шу тасаввурга биноан қадимги тафсирчиларимиз «ўликдан тирикни чиқариш»га тухумдан қушни, уруғдан ўсимликни, данакдан дарахтни чиқаришни ва шунга ўхшаш ҳолатларни мисол қилиб келтирганлар. Ёки, аксинча, ҳамма ҳайвонлар тирик бола туғади, қушлар эса, жонсиз тухумни. Ўсиб етилган ўсимликдан жонсиз уруғ чиқади. Буларнинг ҳаммасини ким қилмоқда? Албатта, Аллоҳ!)
Эй, Пайғамбар, айтинг: «Ким сизларга осмондан ёмғир ёғдириб, ердан эса уруғ унидириб, унга турли маъданларни жойлаб ризқ берур? Ким қулоқ ва кўзларга эгалик қилур? Ким бир томчи ўлик сувдан инсондек тирик мавжудотни, ўлик тухумдан тирик жўжани чиқарур? Ким тирик ҳайвондан ўлик бир томчи сувни, тирик қушдан эса ўлик тухумни чиқарур? Осмонлару ернинг ва улар орасидаги махлуқотларнинг барча ишларини ким тадбир қилиб турур?» Улар албатта: «Бу ишларнинг ҳаммасини Аллоҳ қилади», деб жавоб берадилар. Шунда сиз айтинг: «Шуни билмайсизларми? Аллоҳдан буйруқларини бажариш ва тақиқларидан тийилиш ила тақво қилмайсизларми?!»