وَإِذَآ أَذَقْنَا ٱلنَّاسَ رَحْمَةًۭ مِّنۢ بَعْدِ ضَرَّآءَ مَسَّتْهُمْ إِذَا لَهُم مَّكْرٌۭ فِىٓ ءَايَاتِنَا ۚ قُلِ ٱللَّهُ أَسْرَعُ مَكْرًا ۚ إِنَّ رُسُلَنَا يَكْتُبُونَ مَا تَمْكُرُونَ
Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур. Сен: «Аллоҳ макрда тезкордир. Албатта, элчиларимиз қилаётган макрларингизни ёзиб борурлар», деб айт. (Одам боласининг иши қизиқ: бошига мусибат тушса, Аллоҳни эслайди, Унга ёлборади, халос қилишини сўрайди. Мусибат кўтарилганида эса, ҳаммаси ёдидан чиқади, туғёнга кетади ва яна гуноҳ ишларга ботади. Ушбу ҳолат ояти каримада: «Қачонки одамларга уларга етган зарардан сўнг раҳматни тотдирсак, баногоҳ, уларда оятларимиз ҳақида макр бўлур», деб васф қилинмоқда. Ожиз бандалар ўзларича макр қилишга уринадилар. Аммо ҳамма нарсани билгувчи ва ҳар нарсага қодир Аллоҳ уларнинг макрини дарҳол йўққа чиқаради. Бунинг устига, Аллоҳнинг элчилари–фаришталар ҳар бир макрни ёзиб туради. Вақти келганда ўша ёзув маккорлар зиддига ҳужжат бўлади. Маккорлар икки дунёда ҳам макрларининг азобини тортади.)
Мушрикларга қурғоқчилик ва қаҳатчиликдан кейин ёмғир ва серҳосилликни ато қилсак, баногоҳ, улар оятларимизни ёлғонга чиқариб, масхара қила бошладилар. Эй Пайғамбар, ўша мушрикларга айтинг: "Макр бобида ҳеч ким Аллоҳга тенг кела олмайди. Истидрож ва жазога тортиш бобида ҳам. Номайи аъмолингизни ёзиб турадиган ҳисоб фаришталари қилаётган макрингизни қайд этиб қўядилар. Улардан ҳеч нарса яширин қолмас. Улардан яширин қолмаган нарса Яратувчидан яширин қолармиди?! Яқинда Аллоҳ макрингизга яраша жазойингизни берур. *Истидрож - янада баттарроқ маъсият лойига ботиши учун атайин жазоламасдан ўз ҳолига ташлаб қўйиш